Украина Башар Асад режимини қулатишга ёрдам берган – WP
Олам
−
16:13
4076Украина Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилишидан бироз олдин Суриядаги “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳига учувчисиз дронларни етказиб берган. Бу ҳақда “The Washinton Post” хабар берди.
Маълум қилинишича, Киев суриялик исёнчиларни қуроллантираётгани ҳақида огоҳлантирган. Нашрга кўра, Сурияга 150 та дрон ва 20 та оператор юборилган, аммо уларнинг воқеалар ривожига таъсири унчалик катта бўлмаган.
Манбага кўра, бу воқеалар тўрт-беш ҳафта олдин содир бўлган. Киев “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳига ёрдам бериш учун Идлибдаги исёнчилар штаб-квартирасига тахминан 150 та FPV дронлари ва 20 та тажрибали дрон операторларини юборган.
“Украинанинг ҳаракатлари Асаднинг ағдарилишида камтарона роль ўйнаган”, дейилади хабарда.
Россия Президенти Владимир Путиннинг Суриядаги аҳоли пунктлари бўйича махсус вакили Александр Лаврентев украиналиклар дронларни етказиб бериш, исёнчиларга улардан фойдаланиш ва ўзини ўзи йиғиш кўникмаларини ўргатаётгани ҳақида маълум қилган.
“Украина Россияга максимал даражада зарар етказиш учун Сурия ҳудудидан аллақачон фойдаланишни бошлади”, деган махсус вакили.
Эслатиб ўтамиз, 8 декабрга ўтар кечаси қуролли мухолифат Дамашққа кириб келиб, Асад режимини қулатган эди. Шундан сўнг Башар Асад мамлакат пойтахтини самолётда тарк этганди. 8 декабрь куни тушдан кейин Россия ТИВ Асад “Сурия Араб Республикаси ҳудудидаги қуролли можаронинг қатор иштирокчилари” билан музокаралардан сўнг президентлик лавозимини тарк этишга қарор қилганини ва мамлакатни тарк этганини тасдиқлаганди. Бироз вақт ўтиб, Асад Россияда экани, унинг оиласига сиёсий бошпана бериш қарорини Россия Президенти Владимир Путин қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси