Украина дони АҚШнинг назорати остида – Венгрия Бош вазири
Олам
−
15 Сентябрь 2023
7895Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Украинадан дон етказиб бериш АҚШ томонидан назорат қилиниши ва Европа Иттифоқи етакчилари бу масалада Европа манфаатларига эмас, балки АҚШга хизмат қилишини айтди. Бу ҳақда у бугун, 15 сентябрь куни “Kossuth” радиостанциясидаги чиқишида сўзлади.
Унинг айтишича, агар Еврокомиссия 15 сентябрь куни тугайдиган Марказий Европанинг бешта давлатига дон етказиб бериш тақиқини узайтирмаса, Венгрия бир томонлама бўлса ҳам Украинадан дон олиб кириш чекловини ўз кучида қолдиради.
“Ҳозирча Брюссель бюрократлари буни узайтиришни истамаяпти. Агар улар бугун ярим тунгача бир қарорга келмаса, биз импорт тақиқини узайтириш учун бир қанча давлатлар – Руминия, Польша, Словакия билан кучларни бирлаштирамиз”, дейди ҳукумат раҳбари.
Орбаннинг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқи раҳбарияти аъзо давлатлар томонида эмас. Улар дон масаласида АҚШнинг буйруғини бажаради.
"Бу Украина бўйича муҳокамада янги жиҳатни, яъни бу урушда ким ғалаба қозониб, ким ютқазишига ойдинлик киритади. Вақт ўтган сайин бу “ўйин”да Американинг ғалаба қозониб, Европанинг ютқазаётгани аён бўляпти. Бизни Украина дони билан алдашди, оч-наҳор африкалик болаларга эса ушоғи ҳам етиб бораётгани йўқ”, деган Бош вазир.
Маълумот учун, жорий йилнинг апрель ойида Болгария, Венгрия, Польша, Руминия ва Словакия Украинадан ғалла ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаган эди. Кейинчалик улар Украинадан буғдой, маккажўхори ва кунгабоқар уруғларини етказиб беришга эмбарго қўйиш чораларини Европа Комиссиясининг қарори билан аввал 5 июнга, кейин эса 15 сентябрга қадар бекор қилган. Июль ойида Марказий Европанинг бешта давлати биргаликда Еврокомиссиядан дон импортини тақиқлашни йил охиригача узайтиришни сўраган. Улар Украина дони Осиё ва Африкадаги анъанавий бозорларга бориши кераклигини маълум қилган. Август ойида Венгрия ушбу шарт бажарилмаса, нафақат дон эмбаргосини сақлаб қолиши, балки Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг яна 20 тури импортини тақиқлаши тўғрисида огоҳлантириш билан чиққан.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь