Украинага Американинг Abrams танклари етиб келди
Олам
−
26 Сентябрь 2023
7104Американинг Abrams русумидаги танкларининг биринчи партияси Украинага етказилди. Бу ҳақда Пентагондаги икки манбасига таяниб, “The New York Times” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужумда фойдаланиладиган танклар муддатидан бир неча ой олдин етказилган. Бироқ манба жўнатилган танклар сонини ошкор этмаган.
Билдирилишича, Украина олган ускуналар АҚШ Президенти Жо Байден ваъда қилган 31 та танк партиясининг бир қисми бўлган. Маълумотларга кўра, яқин ойларда Украина ушбу русумдаги танкларни янада кўпроқ олади.
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам Abrams танклари Украинага етказилганини тасдиқлаган.
“Вазир Умаровдан хушхабар. Abrams аллақачон Украинада ва бригадаларимизни кучайтиришга ҳозирлик кўрмоқда”, деб ёзган у Telegram'даги каналида.
Унинг сўзларига кўра, Киев янги шартномалар излашда ва таъминот географиясини кенгайтиришда давом этади.
Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Будановнинг айтишича, Abrams танклари "аниқ, пухта ўйланган операциялар учун" қўлланилади. Акс ҳолда, бу танклар беҳуда йўқ қилиниши хавфи бор.
Маълумот учун, Украинага етказиб берилган танклар 120 мм калибрли уран снарядлари билан жиҳозланган. Украина ҳарбий хизматчилари август ойида ушбу ускунани бошқариш бўйича ўқув машғулотларини якунлаган.
Эслатиб ўтамиз, Жо Байден Abrams танклари Украинага жўнатилишини январь ойида эълон қилган ва 22 сентябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашувда улар келаси ҳафта етказиб берилишини айтган эди.
LiveБарчаси