Украинадаги бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар Президентдан ёрдам сўраяпти
Жамият
−
24 Июль 2020
9991Бутун дунёда пандемия авж олган бир вазиятда халқаро авиаалоқалар деярли тўхтаб қолгани сабабли Украинанинг Днепр шаҳрида қолиб кетган бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ёрдам сўраб, мурожаат қилди.
Днепропетровск тиббиёт академиясида ўқувчи ва унинг битирувчи курс талабалари Президентга мурожаатида паспорт муддати тугагани сабабли муаммолар юзага келаётганини айтган.
“Ассалому алайкум ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев. Биз Украина Республикаси Днепр шаҳри Днепропетровск тиббиёт академияси талабалари ва битирувчилари Ўзбекистонга қайтиш учун амалий ёрдам беришингизни сўраб мурожаат қиляпмиз.
Ҳозирги пандемия ҳолатида вазиятни тўғри тушунамиз, бутун дунёда аҳвол оғир. Лекин бу ерда ҳам асосан биз битирувчиларнинг паспорт муддатларимиз тугаганлиги сабабли, турли муаммоларга дуч келяпмиз”, дейди талабалардан бири.
Мурожаатда талабаларнинг ҳужжатида муаммоси бўлгани ва ўқишни тамомлаётгани сабабли ётоқхонадан ҳам чиқариб юборишмоқчи эканлиги айтилган.
“Шу билан бирга, бизнинг ҳужжатларимизнинг муддати тугаганлиги сабабли, ётоқхонадан чиқариб юборишмоқчи. Шуларни ҳисобга олиб, ота-оналаримизни ўйлаган ҳолда ёрдам беришингизни илтимос қилган бўлардик.
Сафимизда биринчи босқичдан бешинчи босқичгача бўлган талабалар мавжуд. Ўқишни қайта тиклаш ва кўчириш масалаларини кўриб чиқиб бизга ёрдам беришингизни сўраймиз.
Биз ҳам Ватанимиз, оиламиз бағрига қайтишни хоҳлаймиз. Биз учун чартер рейс ташкил қилиб беришингизни илтимос қиламиз”, дейди талабалар.
Маълумот учун, Ўзбекистонга коронавирус кириб келгач, жорий йилнинг март ойи охирида аэропортлар ёпилиб, халқаро парвозлар тўхтатилди. Натижада бир неча миллион ўзбекистонлик хорижда қолиб кетди.
Ўзбекистонга Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарори билан хориждаги фуқароларни қайтариш учун чартер рейслар йўлга қўйиляпти.
Бугунгача “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва хорижий авиакомпаниялар орқали 170 дан ортиқ чартер рейс амалга оширилди. Уларда 32 мингдан ортиқ фуқаро хориждан олиб келинди. Россиядан 2184 нафар фуқаро темир йўл орқали, шунингдек, Ўзбекистон чегарасига тўпланган 51 мингдан ортиқ фуқаро автобус орқали Ватанга қайтарилган. Россияда таҳлис олувчи ўзбекистонлик талабалар кўплиги боис улар учун алоҳида рейслар ташкил қилиниб, 4 мингдан ортиқ фуқаро олиб келинган. Улар карантин зонасига жойлаштирилиб, 14 кундан сўнг уйига кетган.
Чартер рейсларнинг асосий қисми Россия шаҳарларига амалга оширилган. Бундан ташқари, Туркия, Жанубий Корея, БАА, Ҳиндистон, Беларусь, Исроил, Германия, АҚШ, Латвия ва бошқа давлатларга чартер рейслар йўлга қўйилди. Расмий маълумотларга кўра, Украинага бир маротаба чартер рейс амалга оширилган.
Республика махсус комиссияси Украинада бошпанасиз қолиши мумкин бўлган талабаларнинг мурожаатини ҳам беътибор қолдирмайди деган умиддамиз.
LiveБарчаси