Украинада 3D-принтер ёрдамида бомба ишлаб чиқарилмоқда – “The Economist”

Технология

image

Украинадаги ҳаваскор қурол тайёрловчилар пиёдаларга қарши бомбаларни 3D-принтер ёрдамида ишлаб чиқармоқда. Бу ҳақда “The Economist” нашри томонидан эълон қилинган  мақолада сўз боради.

Мақолада ёзилишича, Киевда Лёша тахаллусли одам бир гуруҳ дўстлари билан бирга ўз уйларида ишлаб, бундан уч ой аввал анъанавий қўл гранаталарининг муқобил вариантини ишлаб чиққан. “Зайчик” (қуён) деб номланган 800 граммлик қўл гранатаси пиёдаларга қарши ишлатилади. Гуруҳ уни тайёрлашда граната корпусини (қобиқ) 3D-принтер ёрдамида ясайди. Унинг ичи эса махсус портловчи модда ва пўлат шрапнель (осколка) билан тўлдирилади. Одатий 300 граммлик гранаталар дрон ёрдамида душманга улоқтирилганда кутилган натижани бермай, нишон шунчаки югуриб кетиш орқали ундан қочиши мумкин. “Зайчик” эса бу муаммони ҳал қилади. Граната муаллифининг айтишича, ушбу қўлбола портловчи восита шрапнеллари синовлар пайтида ёғочни “сариёғдек” кесган. 

Таъкидланишича, Лёшанинг жамоаси ҳафтасига мингга яқин қўлбола бомбаларнинг қобиқларини 3D-принтерда босиб чиқаради. 

Қўлбола ўқ-дориларнинг заводда ишлаб чиқарилганларидан асосий устунлиги уларнинг арзонлигида. 

Шунингдек, яна бир “Ёввойи асаларилар” номли кўнгилли гуруҳ Польшанинг Лодз шаҳрида Украина аскарлари учун қўлбола гранаталар етказиб бериш билан шуғулланмоқда. Улар граната компонентларини 3,50 евро нархида 3D-принтерда ишлаб чиқаряпти. 

Замонавий технология ёрдамида яратилган гранаталардан ҳатто, зирҳли техникалар, жумладан, Россия танкларига қарши ҳам фойдаланиш мумкинлиги даъво қилинмоқда. Портловчи воситаларнинг зарар етказиш радиусини кенгайтириш ҳамда уни жанг майдонида янада самаралироқ қилиш учун моделлаштириш жараёнида дастурий таъминотдан ҳам фойдаланилмоқда. Шу билан бирга, бундай вазифалар учун сунъий интеллектдан ҳам фойдаланиш режалаштириляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина граната 3D-принтер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг