Украина танк билан тракторни ажратолмай, НАТОга қанчалик лойиқлигини исботлади – Володин
Олам
−
18 Ноябрь 2022
18143НАТО қуроллари билан тарбияланган Киев режими альянснинг гўрковига айланди ва ўз муваффақиятсизлигини бутун дунёга уч марта исботлади. Бу ҳақда бугун, 18 ноябрь куни Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Telegram’даги каналида ёзиб қолдирди.
“Киев режими НАТО муваффақиятсизликка учраганини бутун дунёга уч марта исботлади”, дейди спикер.
Володиннинг таъбирича, биринчиси, Руминия қирувчи самолёти Қора денгиз узра ракета билан уриб туширилганда эди. Иккинчиси – Совет Иттифоқи даврида (тахминан 50 йил олдин) чиқарилган эски дрон 120 килограммли бомба билан учта НАТО давлати – Руминия, Венгрия, Хорватия ҳудудлари бўйлаб эркин учиб ўтган ва Загребда портлаган.
“Тасаввур қилинг-а, агар Зеленский ядровий қуролга эга бўлса, нима бўлар эди?!”, дейди Москва расмийси.
Володин учинчи ҳолатда Украина ракетаси бирорта танкни ҳам нишонга ололмай, Польша ҳудудидаги биринчи учраган тракторнинг устига тушганини мазах қилган. Ва Украина ракетаси танк билан тракторни ажрата олмаслигига шама қилган.
“Бу НАТО интиҳосининг дебочаси экани аниқ. Энг қизиғи шундаки, НАТО қуроллари билан озиқланган Киев режими унинг гўрковига айланди”, дея хулоса қилди сиёсатчи.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 ноябрь куни Польша шарқида, Украина билан чегарада жойлашган Пшеводув (Люблин водийси) қишлоғига ракета қулаб тушди ва икки киши ҳалок бўлди. Мамлакат Президенти Анжей Дуданинг сўзларига кўра, бу Польшага атайлаб қилинган ҳужум эмас. Варшавада маълум бўлишича, 1970-йилларда ишлаб чиқарилган С-300 типидаги зенит-ракета тизимининг ракетаси Украина ракетага қарши мудофаа/ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари томонидан ишлатилган.
Польша ҳукумати 16 ноябрга ўтар кечаси Хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси йиғилишини ўтказди. Бундан ташқари, Варшава НАТО, АҚШ ва бошқа иттифоқчилар билан маслаҳатлашди. Дуда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, АҚШ Президенти Жо Байден ва Украина етакчиси Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Польша ҳукумати ҳам турли даражадаги ҳамкорлар билан музокаралар олиб бормоқда. Польша ҳукумати барча хизматларни юқори шай ҳолатга келтириш ва ҳаво ҳудуди мониторингини кучайтиришга қарор қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги Польша оммавий ахборот воситалари ва расмийларининг Россия ракеталари қулагани ҳақидаги баёнотларини провокация деб атади ва Украина-Польша чегараси яқинида Россия қуролларининг зарбалари йўқлигини айтди.
LiveБарчаси