Россияда мигрантлар устидан назорат кескин кучайтирилмоқда
Олам
−
28 Май 5811 2 дақиқа
Россияда мигрантлар устидан назоратни кучайтиришга қаратилган бир қатор қонунлар қабул қилинди. Бу ҳақда Давлат думаси раиси Вячеслав Володин маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда чет эл фуқаролари Россия Федерациясига киришда гиёҳвандлик ва психотроп моддалар истеъмол қилганлик факти, шунингдек, юқумли касалликлар мавжудлиги бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтишлари шарт.
Депутатлар томонидан қабул қилинган қарорларга кўра, Россияга уч ойдан ортиқ муддатга борган барча мигрантлар учун мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш муддати 90 кундан 30 кунгача қисқартирилмоқда.
Эндиликда мамлакатдаги тиббиёт ташкилотлари 24 соат ичида қуйидаги маълумотларни юборишга мажбур:
- Россия ИИВга – расмийлаштирилган тиббий хулосалар тўғрисида;
- Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги соҳасида назорат бўйича федерал хизматга (Роспотребнадзор) – мигрантда юқумли касаллик аниқлангани тўғрисида.
Агар мигрантда шундай касалликлар аниқланса, у тезкорлик билан депортация қилинади.
Чет эл фуқароларининг тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаши учун маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун суд қарори билан Россия ҳудудидан чиқариб юбориш имконияти билан 50 минг рублгача миқдорда жарима белгиланади.
Атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликларнинг йўқлиги ҳақидаги расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва уларнинг муомаласи учун кучайтирилган жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Ушбу жиноятни содир этиш 3 миллион рублгача жарима билан бирга 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат думаси рухсатсиз митингларда иштирок этган ва Россия армиясини “обрўсизлантирган” хорижликларни мамлакатдан чиқариб юборишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси