Украина собиқ энергетика вазирига “пул ювиш” айблови қўйилди
Олам
−
16 Февраль 811 2 дақиқа
Украинанинг собиқ энергетика вазири Герман Галушенко “пул ювиш” ва жиноий гуруҳ фаолиятида иштирок этишда расман айбланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Украина Махсус антикоррупция прокуратураси (МАП) хабар берди.
Тергов давлат ядро энергетикаси компанияси – Энергоатом атрофидаги коррупция иши доирасида олиб борилмоқда. Расмийларга кўра, Галушенко 2021–2025 йилларда энергетика вазири бўлган даврида ноқонуний молиявий схемаларда қатнашган.
Маблағлар қандай “ювилган”?
Пул ювиш – ноқонуний топилган маблағни қонуний манбадан олингандек кўрсатиш жараёни. Терговга кўра, 2021 йил февралида Кариб денгизидаги оролда махсус жамғарма ташкил этилган. У орқали 118 миллион еврога яқин “инвестиция” йиғилиши режалаштирилган. Айбланувчининг оила аъзолари ҳам “инвестор” сифатида кўрсатилган.
Миллий антикоррупция бюроси (МАБ) маълумотига кўра, 8,8 миллион евро оила назоратидаги ҳисоб рақамларига ўтказилган, 1,3 миллион Швейцария франки ва 2,4 миллион евро нақд пул Швейцарияга юборилган, маблағнинг бир қисми болаларининг Швейцариядаги нуфузли ўқув юртларида таълими учун сарфланган, қолган қисми собиқ турмуш ўртоғи ҳисоб рақамларига жойлаштирилган.
Терговчилар пул айрим ҳолларда криптовалюта (рақамли, марказий банкка боғлиқ бўлмаган виртуал пул) орқали ҳам айлантирилганини айтмоқда.
Кеча, 15 февраль куни Галушенко чегарани кесиб ўтишга уринган пайтда қўлга олинган. Украина ОАВ хабарига кўра, у поезддан туширилиб, Киевга олиб кетилган. Мазкур иш доирасида яна саккиз киши айбланган. Терговга кўра, жиноий гуруҳга Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг собиқ яқин ҳамкори Тимур Миндич бошчилик қилган бўлиши мумкин.
Расмийларга кўра, гуруҳ Энергоатом пудратчиларидан (буюртма асосида иш бажарувчи компаниялар) ҳар бир шартнома қийматининг 10–15 фоизи миқдорида пора олган. Умумий “ювилган” маблағ 100 миллион долларга яқин экани айтилмоқда.
Тергов давом этмоқда. МАБ 15 давлат билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган. Галушенко ҳозирча айбловлар юзасидан изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг собиқ бош вазири ва “Батькивщина” фракцияси раҳбари Юлия Тимошенкога “ноқонуний манфаат таклиф қилиш” моддаси бўйича айблов эълон қилинган эди.
Мусулмон Содиқ
Live
БарчасиШайхонтоҳур туманида хонадон ёнмоқда
16 Февраль