Украина ҳукуматида яна “тозалаш”

Таҳлил

1-қон алмашинуви тўлқини

Украина бошқарув корпусидаги тозалаш ишлари жорий йил бошида январь-февраль ойларида бошланганди. Барчаси мамлакат Қуролли кучлари Бош қўмондони ва Президент ўртасида келиб чиққан низодан старт олганди. Жорий йилнинг 8 февраль куни Украина Президенти Владимир Зеленский Қуролли кучлар бош қўмондони Валерий Залужнийни ишдан бўшатди ва унинг ўрнига бугунгача ҳамманинг оғзига тушган Курск фронтининг муаллифи Александр Сирский тайинланганди. Ўшанда Зеленский кадрлар алмашинуви фақатгина битта шахс билан чекланиб қолмаслиги ва бу бутун мамлакатдаги бошқарув қатламига тегишли бўлишини маълум қилди. 10 февралда Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи, ундан сўнг Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Бирлашган кучлар қўмондони, ҳаво-десант ҳужуми кучлари бошлиғи кабилар ҳам бирин-кетин ўзгарди. Аммо бу ўзгаришларнинг якуни эмас эди. Армиядаги тозалашларнинг кейинги тўлқини март ойига тўғри келди. Украина Президенти Владимир Зеленский Қуролли кучларни қўллаб-қувватлаш кучлари қўмондонини ҳам алмаштирди. Армиядаги тозалашлардан сўнг навбат Миллий хавфсизлик тизимига етиб келганди. Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов лавозимидан озод этилди. Шундай қилиб, армия ва куч ишлатар тузилмалардаги ўзгаришлар якунланганди. Маълум вақт ўтиб эса, Зеленский томонидан амалга оширилган бу янгиланишлар ўз сўзини айтди. Курскка бостириб кирган Украина қўшинлари ва Россиядек қудратли давлатнинг ҳудудий яхлитлигига яхшигина зарба бера олган Сирский мисолида бутун дунё бу ўзгаришларнинг ижобий натижасига гувоҳ бўлди. Бугун эса кадрлар алмашинуви фақат армия ёки бошқа куч ишлатар тузилмаларгагина тегишли бўлмай, йил бошида худди Владимир Зеленский таъкидлаганидек, бутун бошли бошқарув машинасига қаратилганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Энди навбат мамлакатдаги яна бир йирик бошқарув гуруҳи бўлмиш Вазирлар Маҳкамасига етиб келди.

2-тўлқин

Кеча, 3 сентябрь куни Украинанинг бирйўла 3 вазири, 2 нафар вазир ўринбосари ва яна бир мулозим Олий Радага, яъни мамлакат парламентига ўз истеъфолари ҳақидаги аризани тақдим этди.

Ишдан бўшаш тўғрисидаги аризалар қуйидагилар томонидан тақдим этилган:

  • Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Руслан Александрович Стрелец;
  • Стратегик саноат вазири Александр Николаевич Камишин;
  • Адлия вазири Денис Леонтьевич Малюська;
  • 4 йилдан буён Бош вазирнинг Европа ва Евро-Атлантика интеграцияси бўйича ўринбосари лавозимида ишлаётган Ольга Витальевна Стефанишина;
  • 3 йилдан буён Бош вазир ўринбосари, Украина “Вақтинчалик босиб олинган” ҳудудларни реинтеграция қилиш вазири сифатида фаолият олиб бораётган Ирина Андреевна Верешук;
  • Давлат мулки жамғармаси раҳбари Виталий Николаевич Коваль.

Олий Рада спикери Руслан Стефанчук мазкур мулозимлар томонидан тақдим этилган барча аризалар кейинги ялпи мажлислардан бирида кўриб чиқилишини маълум қилди. Юқорида номлари қайд этилган вазирлардан фақатгина  Александр Камишин ўз лавозимидан кетиши ва бундан кейинги манзили ҳақида жамоатчиликка маълум қилди. У ўзининг Telgeram-каналида Стратегик саноат вазири мақомидан айрилганига қарамай, мудофаа саноати соҳасида ишлашда давом этиши, аммо бошқа лавозимда ишлаши ҳақида хабар қолдирди. Истеъфога ариза берган мансабдорлар ичида Адлия вазири Денис Малюськанинг лавозимдан кетиши олдиндан тахмин қилинган эди. Украина оммавий ахборот воситалари, жумладан “Зеркало недели” у июль ойи ўрталарида истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзгани ҳақида хабар қилганди. 5 йилдан ортиқ вақт давомида Адлия вазири постида фаолият юритиб келган Денис Малюська Президентнинг “Халқ хизматчиси” партияси аъзоси бўлиб, ҳозирча унинг кейинги манзили номаълум. Аммо бир қанча хориж нашрлари лавозимдан кетган амалдорларнинг вазиятини шунчаки ротация эканлиги ва мазкур раҳбарлар бошқа мансабга ўтказилиши ҳақида ёзмоқда. Ҳозирча барча мулозимларнинг ишдан бўшаш сабаблари номаълумлигича қолмоқда, аммо Украина Президенти бу йирик кадрлар ўзгаришини мамлакатнинг умумий мақсадлари билан тушунтиришга ҳаракат қилди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, айни шароитда Украина учун ташқи ички сиёсатда бешта устувор масала мавжуд бўлиб, булар қиш мавсумига тайёргарлик пайтида марказий ҳокимият ва жамоалар ўртасида ўзаро таъсир доирасини кучайтириш, Украина мудофаа ишлаб чиқаришда сезиларли натижаларга эришишда давом этиш, махсус ўзаро таъсир орқали НАТО билан ҳамкорликни кучайтириш, Европа Иттифоқидаги аъзолик музокаралари ва келажакдаги аъзолик шартномасининг тегишли қисмларини тайёрлаш ҳамда Украина ва унинг шериклари ўртасидаги муносабатларда эришилган барча ютуқларни сақлаб қолиш ва Россия тарғиботига қарши курашиш кабилардан иборатдир.

“Bye-bye” Кулеба

Бирданига беш нафар вазирлик даражасидаги раҳбарларнинг ўз курсисини тарк этишининг ўзи жуда йирик тектоник ўзгариш ҳисобланса-да, бир қанча расмий ва мустақил манбалар бу ҳали фақатгина бошланиши эканлигини таъкидлаяпти. Жумладан, “Украинская Правда” нашри Президент жамоасидаги манбаларга асосланиб, яқин келажакда ҳукуматда яна бир қатор бошқа бўшатишлар ҳам тайёрланаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, ҳукмрон “Халқ хизматчиси” партияси парламент фракцияси раҳбари Давид Арахамия ўзининг Telegram-каналида Украина Вазирлар Маҳкамаси ходимларининг 50 фоиздан ортиғи алмаштирилиши ва Вазирлар Маҳкамасининг якуний таркиби шу ҳафта охиригача қайта тузилишини ҳамда 4 сентябрь санаси бутун Украинада “ишдан бўшатиш куни” бўлишини маълум қилди. Шунингдек, у бу ҳафта “ҳукуматнинг жуда кенг кўламда қайта ишга туширилиши”ни ҳам ваъда қилди. 4 сентябрь эса Арахамия айтганидек, ростдан ҳам “ишдан бўшаш ёки бўшатиш куни” бўлди. Жуда кўпчиликни ҳайрон қолдирган ва деярли ҳеч ким кутмаган истеъфо содир бўлди. Украина Ташқи ишлар вазири ва уруш бошидан буён номи энг кўп тилга олинадиган шахсларнинг энг олди қаторида турган Дмитрий Кулеба ўз лавозимини тарк этди. Тегишли ариза Олий Радага етказилган ва спикер сўзларига кўра ушбу ариза Раданинг кейинги ялпи мажлисларида кўриб чиқиб, тасдиқланади. Кулеба Европа ва Украина сиёсий майдонида кечагина кўриниш берган шахс эмасди. У дипломатик хизматга 2003 йилда кирган. 2016 йилда у Украинанинг Европа Кенгашидаги доимий вакили, 2019 йилда эса Алексей Гончарук ҳукуматида Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича бош вазир ўринбосари бўлиб фаолият юритганди. Дмитрий Кулеба 2020 йилнинг март ойида 38 ёшида Ташқи ишлар вазирлигини бошқаришни бошлаган ва Украина тарихидаги энг ёш Ташқи ишлар вазирига айланган эди. 4 йиллик бошқарувдан сўнг Кулеба мамлакат сиёсатидаги энг муҳим устунлардан бири бўлган Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлигидан кетди ёки кеткизилди. Чунки сўнгги пайтларда унинг Польша ерларига ҳудудий даъволари очиқдан очиқ акс этган кутилмаган баёноти оммавий ахборот воситалари ва бир қатор сиёсий доираларни ҳайратга солганди. Шундай қилиб, Кулеба энди Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари эмас ва баъзи маълумотларга кўра, ТИВ раҳбари лавозимига энди унинг ўринбосари Андрей Сибига тайинланиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасидаги ўзгаришлар армиядаги каби омадли келадими?

3 сентябрда Украина Президенти Владимир Зеленский Президент идораси раҳбари ўринбосари Ростислав Шурмани лавозимидан озод этиш ҳақидаги фармонни имзолади. 1983 йилда Львовда туғилган сиёсатчи 2021 йилдан буён шу лавозимда ишлаб келаётган эди. Юқорида таъкидлаганимиздек, буларнинг барчаси ҳали бошланиши ва ҳафта охиригача Украина сиёсий элитаси жуда катта тозаланиш тўлқини билан юзлашиш эҳтимоли юқори. Бу вазиятда бир қатор хорижий нашрлар Украина Вазирлар Маҳкамасидаги кадрлар алмашинуви ва оммавий ишдан бўшатилиш жараёни Киевдаги бир қатор амалдорларни қўрқувга солаётгани ҳақида ёзмоқда. Уларга кўра, баъзи амалдорлар бу ҳаракатлар Зеленскийнинг ўз маъмурияти ичида ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун жиддий қадам эканлигидан хавотир билдирган. Аммо Зеленский маъмуриятининг хабар беришича, катта ўзгаришлар Шарқда Россияга қарши позицияларни ушлаб туриш ва Курск вилоятидаги устунлик ва эгаллаб олинган ерларда мустаҳкам ўрнашишга уринишлар фонида содир бўлмоқда. Демак, икки хил қараш мавжуд. Кимлардир бу воқеалар Зеленскийнинг шахсий манфаати учун қилинаётганини иддао қилса, бошқалар уруш ҳолатидаги Украинанинг миллий манфаатлари важи билан амалга оширилаётганини таъкидламоқда. Бироқ бу жараён йил бошидаги Залужний кейсини бир қадар ёдга соляпти. Кўплаб манбалар Украина армияси раҳбарияти таркибидаги кескин ўзгаришлар Залужнийнинг Зеленскийга жиддий рақиб эканлиги ва унинг ҳокимиятига таҳдид қилиши мумкин бўлган катта хавф бўлганлиги учун амалга оширилгани ҳақида гумон қилганди. Бироқ янги тайинловдан 6 ой ўтиб, бу ўзгариш ўз сўзини айтди ва унинг ўрнига тайинланган Сирский маълум маънода ишончни оқлади. Эндиги янги тозалаш тўлқинининг асл мақсад ва натижаси қандай бўлиши эса фақат ва фақат олий ҳакам – вақт ҳукми остида қолмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Владимир Зеленский Дмитрий Кулеба Александр Камишин Денис Малюська Руслан Стрелец Ольга Стефанишина Ирина Верешук Виталий Коваль

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг