Тошкентдаги Россия университетида Украинага босқин тарғиботи олиб бориляптими?

Таҳлил

Тошкентдаги Россия университетларидан бирида Украинага босқин бошлангандан то бугунгача вақти-вақти билан шовинистик руҳдаги тарғиботлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда “Медуза” нашрига ўзини Муҳиджон деб таништирган Губкин университети филиалининг талабаси мурожаат йўллаган. 

Ўзбекистонда 2007 йилда ташкил қилинган Губкин номидаги Россия давлат университетининг Тошкентдаги филиали талабаси “Медуза” нашрига Россиянинг Украинага босқини бошлангандан буён университетдаги маърузаларда бу ҳаракатни қўллаб-қувватлаш мазмунидаги фикрлар илгари сурилганини ёзган. Унга кўра, кекса бир шахс томонидан ҳар ҳафта ўтказиладиган маърузаларда Россия Федерацияси қўшини Украинада амалга ошираётган ҳаракатлари мақталади. Шунингдек, университетда доимий тарзда Ленин мероси ва “Буюк рус шовинизми” ҳақида ижобий фикрлар янграйди. Дастлаб, талаба буни шунчаки муболаға деб ўйлайди, аммо вақт ўтиб мазкур тарғибот жиддий эканини тушуниб етади.

“Ростини айтсам, уруш бошланганда мен жуда қўрқиб кетдим. Улар доим Ленин ва “Буюк рус шовинизми” ҳақида гапирарди, мен буни муболаға деб ўйладим, лекин ҳозир бу ҳақиқат эканини тушундим. Биз, Ўзбекистон фуқароларининг ёш авлоди ҳам урушдан азият чекдик. Энди ҳар ҳафта университетда бизда маърузалар бўлиб, унда кекса одам ўзи ва Россия Федерациясининг жасур қўшинлари ҳақида гапириб беради. Диний ишлар бўйича марказ ходимининг

“Қадимги православ рус маданиятининг ташувчиси сифатида мен Россия Федерацияси қўшинлари шайтончиларга қарши курашаётганини таъкидлайман” деган иқтибоси ҳали ҳам эсимда. Бу бемаънилик, бу бемаънилик. Биз, мустақил Ўзбекистон ёшларининг Украинадаги урушга қандай алоқаси бор?” дейди Муҳиджон. 

У ўз оиласи Украина ҳақида энг илиқ хотираларга эга экани, бобоси ва бувисининг ёшлиги Ялта ва Одессада ўтганини ҳам қўшимча қилган. Унинг айтишича, бувиси Украинадаги жанг манзаралари акс этган видеони кўрганда йиғлаб юборган.

Шунингдек, Муҳиджон бу босқинчилик ҳаракатида Украинани фаол қўллаб-қувватлаши, соғлом ақлли одам ҳар доим зўравонликка қарши туриши лозимлигини таъкидлаб, Украинадаги воқеаларни жиноий ва ахлоқсиз уруш деб атаган.

“Мен Украинани фаол қўллаб-қувватлайман, дўстларим Украинани қўллаб-қувватлайди. Биз барчамиз бу жиноий, ахлоқсиз урушга қаршимиз. Соғлом ақлли одамлар ҳар доим уруш ва зўравонликка қарши”, дейди талаба.

“Медуза” нашрига бу мурожаатни йўллаган Муҳиджон исмли талаба Украина ўз эркинлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилишига чин дилдан ишониши, аммо агар Украина мағлубиятга учраса, вақти келиб, қолганлар ҳам қўлига қурол олганча ўз мамлакати озодлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилишга мажбур бўлишини таъкидлаган.

“Бизда ҳеч қандай иллюзия йўқ, биз яхши биламизки, агар Украина мағлубиятга учраса, биз қўлимизда қурол билан озодлик ва мустақилликни ҳимоя қилишга мажбур бўламиз”, деб ёзган Губкин университетининг Тошкентдаги филиали талабаси. 

Маълумот ўрнида, Иван Михайлович Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2007 йил 12 январдаги “Республиканинг нефть-газ ва нефть-кимё саноати учун олий маълумотли юқори малакали кадрлар тайёрлашни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш ҳамда олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида”ги қарорига кўра ташкил этилган. Филиал битирувчиларига бериладиган И. М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетини тамомлаганлик тўғрисидаги белгиланган намунадаги диплом Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади. 

QALAMPIR.UZ мазкур хабар юзасидан муносабат олиш мақсадида Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали Ижрочи директорининг маслаҳатчиси, талабалар ўртасида ижтимоий ва маънавий муҳит учун масъул бўлган Владимир Иванович Федулаев  билан боғланди. У ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат тез фурсатларда эълон қилинишини билдирди. Бироқ масъул ходим бу босқин тарғиботи ҳақида тармоқларда тарқалган хабарга шахсан изоҳ бермади.

Бироз ўтиб, филиал масъули айтган ўша расмий муносабат ҳам чиқди. Унга кўра, мурожаатда исми қайд этилган шахс талабалар сафида мавжуд эмас.

“Мурожаатда номи тилга олинган шахс Филиал талабалари таркибида мавжуд эмаслиги аниқланди. Шунингдек, мурожаатда келтирилган дарс жараёнларидаги “тарғибот ишлари” ҳақидаги маълумотлар асоссиз эканлиги, яъни улар ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланди. Филиалда таълим жараёни белгиланган ўқув режаси ва фанлар дастури асосида ташкил этилган”, филиал матбуот хизматининг баёнотида.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Россия Украина Губкин номидаги Россия давлат университети шовинистик руҳдаги тарғибот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг