Украина Россиянинг яна бир йирик нефть заводини бомбалади. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
12:39 1857 1 дақиқа
Бугун, 25 августга ўтар кечаси Украина дронлари Россиянинг Краснодар ўлкасидаги Афипский посёлкасига ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, яна икки киши жароҳатланди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужумдан сўнг Афипский нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида ёнғин чиққан. Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьевнинг маълум қилишича, ҳодиса жойида ёнғин ўчирувчилар ва тезкор хизматлар ишламоқда.
Дрон қолдиқлари Афипская темирйўл станциясининг ҳудудига ҳам қулаган. Оқибатда камида 10 та хусусий уй зарар кўрган. Уларнинг бирида ёнғин чиққан.
Шунингдек, 25 августга ўтар кечаси Краснодар ўлкасида дрон ва ракета хавфи эълон қилинган. Дрон хавфи икки соатдан сал кўпроқ, ракета хавфи эса қарийб 30 дақиқа давом этган.
Хабарларга кўра, завод аввал ҳам Украина дронлари ҳужумига бир неча бор учраган.
Маълумот учун, Афипский нефтни қайта ишлаш заводи Россиянинг жанубидаги энг йирик нефтни қайта ишлаш корхоналаридан бири ҳисобланади. Унинг йиллик нефтни қайта ишлаш қуввати 6,25 миллион тоннани ташкил этади. Заводда дизель ёнилғиси, бензин, мазут ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Россиянинг Пермь шаҳридаги “Лукойл-Пермнефтеоргсинтез” нефтни қайта ишлаш заводига дронлар билан ҳужум қилган эди.
Live
Барчаси