Украина Россиянинг энг йирик нефть заводини бомбалади (видео)
Олам
−
15:04 2849 2 дақиқа
Россиянинг Пермь шаҳридаги “Лукоил-Пермнефтеоргсинтез” нефтни қайта ишлаш заводи дронлар ҳужумига учради. Бу ҳақда “Ukrinform” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужум вақтида шаҳарда портлаш овозлари эшитилган ва ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинган. Маҳаллий аҳоли завод ҳудуди томонидан тутун кўтарилганини билдирган.
Шунингдек, Пермь ўлкаси Ҳудудий хавфсизлик вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам аҳолини дронлар хавфи ҳақида огоҳлантирган. Ҳозирча ҳудудий расмийлар ҳодиса юзасидан изоҳ бермаган.
Россия Федерал ҳаво транспорти агентлиги (Росавиация) эса маҳаллий вақт билан соат 06:00 да Пермь аэропортида самолётларни қабул қилиш ва жўнатишга вақтинчалик чекловлар жорий этилганини маълум қилган.
Қайд этилишича, “Лукоил-Пермнефтеоргсинтез” Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири бўлиб, йилига 13 миллион тоннадан ортиқ хом нефтни қайта ишлайди. Корхонада бензин, дизель ёнилғиси, авиация ёқилғиси ва мойлаш материаллари ишлаб чиқарилади.
Шу билан бирга, Россия Мудофаа вазирлиги ўтган тунда мамлакат ҳудуди ва босиб олинган Қрим устида 325 та дрон уриб туширилгани ёки тутиб қолинганини даъво қилган. Вазирликка кўра, дронлар Астрахань, Белгород, Брянск, Волгоград, Воронеж, Калуга, Курск, Орёл, Ростов, Рязань ва Тула вилоятлари, Москва вилояти, Удмуртия Республикаси, Краснодар ва Пермь ўлкалари, шунингдек Азов ва Қора денгизлари устида йўқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг баллистик ракеталари Украина пойтахти Киевга зарба бериши оқибатида камида 3 киши ҳалок бўлиб, 20 киши жароҳатланганди.
Live
Барчаси