Украина мардонавор ҳаракат қилди – Келлогг

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлогг Украина томонидан Россиядаги ҳарбий аэродромларга уюштирилган ҳужумни “жуда жасур ҳаракат” деб атади. Бу ҳақда у кеча, 3 июнь куни “Fox News” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.

Келлоггнинг сўзларига кўра, Украинанинг ҳаракатлари анчагина дадил, аммо бу воқеа можаронинг кескинлашиш хавфини сезиларли даражада ошириши мумкин.

“Хавф даражаси анча ошди. Дам олиш кунлари юз берган воқеа ҳақида гапиряпмиз. Одамлар тушуниши керак – бу миллий хавфсизлик билан боғлиқ. Агар сиз душманнинг омон қолиш тизимининг бир қисмини – ядровий триадасини нишонга олсангиз, қандай жавоб бўлишини билмайсиз. Бу хавфни оширади”, деган Келлогг.

Унинг қўшимча қилишича, Украинанинг ушбу ҳаракатлари унинг таслим бўлмаслиги ва мардонавор курашишини англатади.

“Украинанинг бу ҳаракати уларнинг таслим бўлмаслигини кўрсатди. Аммо хавф қабул қилиб бўлмайдиган даражага етиши мумкин. Биз айнан шундай ҳолатдан қочишга ҳаракат қиляпмиз”, деган АҚШ вакили.

Украинанинг “Ўргимчак тўри”

Украина 1 июнь куни Россия ҳарбий аэродромларига учувчисиз дронлар ёрдамида амалга оширилган йирик ҳужум – “Ўргимчак тўри” операциясини ўтказди. Украина Президенти Владимир Зеленский мурожаатида операциясида иштирок этганларга миннатдорлик билдирди. Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) “Ўргимчак тўри” операцияси давомида Россия стратегик авиация самолётларининг 34 фоизи зарар кўрганини маълум қилди. Киевнинг ҳисоб-китобларига кўра, зарар кўрган самолётнинг тахминий умумий қиймати 7 миллиард долларни ташкил қилади. Манбалар Россиянинг 41 та самолётига, жумладан, стратегик А-50, Tu-95 ва Tu-22M3 самолётларига зарар етказилгани ҳақида хабар берган. Киевга кўра, улардан мунтазам равишда Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун фойдаланилган. Операция бир ярим йил давомида тайёрланган.

Зеленскийнинг позицияси

Украина Президенти Владимир Зеленский Россияга етказилган йўқотишлар ва уларнинг ҳарбий салоҳиятининг камайиши мамлакатни чинакам дипломатияга қайтишга мажбур қилиши керак, деб ҳисоблайди. Буни у “Ўргимчак тўри” операциясидан кейин берган баёнотида ҳам айтиб ўтди.

“Европа ва АҚШ Россияга қараганда яхшироқ қуролларга эга. Шунингдек, бизда кучлироқ тактик қарорлар бор. Бизнинг “Ўргимчак тўри” операциямиз буни исботлади. Россия йўқотишлар нимани англатишини тушуниши керак. Айнан мана шу уни дипломатияга ундайди”, деган Зеленский.

Хуллас, Зеленский томонидан абжирона тайёрланган “Ўргимчак тўри” ўз вазифасини ўтади. Украина Россияга қисман бўлса-да, йўқотишлар нима эканини сездирди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Дональд Трамп Украина Кит Келлогг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг