“Украина фақат ўзи учун жанг қилаётгани йўқ”. Зеленский Конгрессда тик туриб олқишланди
Олам
−
22 Декабрь 2022
9101Кеча, 21 декабрь куни кечқурун Оқ уйда АҚШ Президенти Жо Байден билан музокарадан сўнг Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ Конгресси ҳар икки палатасининг қўшма мажлисида нутқ сўзлаш учун Капитолийга келди.
Украина Президенти сўзини бошлаб, Америка Конгрессида нутқ сўзлаш у учун катта шараф эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Украина жанг майдонида аллақачон Россия устидан ғалаба қозонган ва украиналик дўстлари ва ҳамкорлари, биринчи навбатда, АҚШнинг катта қўллаб-қувватлашини инобатга олган ҳолда, буни давом эттиради.
“Бу нафақат ҳудуд, балки Европанинг у ёки бу қисми учун кураш. Жанг фақат украиналиклар ёки Россия забт этишга уринаётган бошқа давлатларнинг ҳаёти, эркинлиги ва хавфсизлиги учун эмас. Бу кураш бизнинг болаларимиз ва невараларимиз қандай дунёда яшашини аниқлайди... украиналиклар учун, америкаликлар учун, ҳамма учун демократия бўладими ёки йўқ, шуни белгилайди”, дейди Украина раҳбари.
Зеленский Вашингтонга ушбу ташрифи арафасида Донбассдаги қалъа бўлган Бахмутга ташриф буюрганини, у рус босқинчиларига қарши қаҳрамонона мудофаани давом эттираётганини яна бир бор эслади. Америкалик қонун чиқарувчилар меҳмон бу сўзларни айтганида уни узоқ қарсаклар олқишлаган.
Зеленский руслар артиллерия, ўқ-дорилар ва узоқ масофали ракеталар бўйича устунликка эга эканини тан олди.
“Улар теварак-атрофдаги ҳамма нарсани вайрон қиладилар, бироқ украиналиклар ўз сафларида қоладилар ва ҳеч қачон таслим бўлмайдилар”, деб таъкидлади Украина раҳбари.
Президент Зеленский Американинг Patriot ҳаво мудофаа тизимлари Украина осмони ва Украина шаҳарларини ҳимоя қилишга ёрдам беришига ишонч билдирди. Шунингдек, у Эроннинг Россия Қуролли кучлари учун учувчисиз учоқлар етказиб беришига ишора қилиб, бир террорчи бошқа террорчига ёрдам беришига йўл қўймаслик кераклигини таъкидлади.
“Украина ҳеч қачон америкалик аскарлардан бизнинг ўрнимизга бизнинг заминимизда жанг қилишини сўрамаган. Сизни ишонтириб айтаманки, Украина аскарлари Америка танклари ва самолётларини мукаммал бошқаришга қодир”, дейди Владимир Зеленский америкалик қонунчиларни.
Унинг таъкидлашича, Американинг Украинага ҳозирги ёрдами хайрия эмас, балки глобал хавфсизлик ва демократияга сармоядир. Зеленский, шунингдек, Украина халқи тинчлик, аммо адолатли дунёни исташини ва адолатли дунё Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги эканини айтди.
"Рождество байрамида миллионлаб украиналикларда электр ёки сув бўлмаслиги мумкин", дейди Зеленский.
Якунда Президент барча қонунчиларга, шахсан АҚШ президентига, шунингдек, ҳар бир америкалик оилага жанг майдонидаги Украинага ёрдам бергани учун яна бир бор миннатдорлик билдирди ва Конгресс раҳбариятига Украина миллий байроғини – Бахмутни ҳимоя қилган украиналик жангчилар совғасини топширди.
“Бу байроқ урушдаги ғалабамиз рамзидир. Биз ушлаб турамиз, курашамиз ва ғалаба қозонамиз, чунки биз бирмиз: Украина, Америка ва бутун эркин дунё”, дея сўзини якунлади Зеленский барчани янги йил билан зафарли табриклаб.
Украина Президенти 24 февралда Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб кириши бошланганидан бери биринчи хорижий ташрифини, хусусан, АҚШга, биринчи навбатда, асосий иттифоқчига 300 кундан ортиқ давом этаётган урушда тўлиқ миқёсда кўрсатилган қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдириш мақсадида амалга оширмоқда. Ташрифдан яна бир мақсад Украина ва АҚШ ўртасидаги келгуси йил ўзаро ҳамкорлигини муҳокама қилишдир.
LiveБарчаси