Узр челенж давом этади. Навбат ўқитувчиларни сазойи қилган туман ҳокимига
Жамият
−
09 Февраль 2022
16508Кеча, 8 февраль куни Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида бош эгиб, кечирим сўрашга мажбур қилингани ҳақида хабар берган эдик. Марҳамат тумани ҳокими Бобуржон Йўлдошев ҳудудидаги мактабда бўлган шармандалик учун ўқитувчилардан узр сўраб чиқди.
“Ассалому алайкум, ҳурматли ижтимоий тармоқ кузатувчилари. Мен Марҳамат тумани ҳокими Йўлдошев Бобуржонман. Марҳамат туманида ўқитувчиларнинг узр сўраши бўйича кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган постлар бўйича муносабат билдирмоқчиман. Муҳтарам Президентимизнинг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўткизган селекторидан сўнг, вилоятимиз ҳокими томонидан туман ва мактабларда қилинадиган ишлар бўйича аниқ топшириқлар, ўз ўрнида, ҳеч бир раҳбар, ўқитувчиларга чора кўрмаслик бўйича аниқ топшириқ берган”, дейди туман ҳокими.
Шунингдек, у бўлиб ўтган ҳолат юзасидан ўқитувчилардан узр сўраб, доимо устоз ва мураббийларни қўллаб қувватлашини айтди.
“Марҳамат туманида ўқитувчи ва ота-оналар ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишдаги ҳолатлар ўқитувчиларнинг руҳиятига таъсир қилган бўлса, мен Марҳамат тумани ҳокими сифатида барча устоз ва мураббийлардан узр сўрайман. Устоз ва мураббийларни қўллаб-қувватлаб, уларга елкадош бўлиб, таълим сифатини ошириш ва етук инсонлар тарбиялашда камарбаста бўламиз”, дейди Йўлдошев.
Бугун, 9 февраль куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳолатга муносабат билдириб, ўқитувчилардан узр сўради.
Қолаверса, Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов Марҳамат туманида ўқитувчиларни ўқувчиларнинг ота-онасидан узр сўратиш туман ҳокими Бобуржон Йўлдошевнинг ташаббуси бўлганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар йиғилиши Марҳамат тумани ҳокимидан чиққан ташаббус бўлиб барча мактабларда ўтказишга топшириқ берилган. Шу сабабдан ХТБ бошлиғи туман ҳокимининг мазкур ҳолат бўйича шахсан ўзининг муносабат беришини қатъий талаб қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь