UFC'даги “Темурлан”
Интервью
−
18 Октябрь
5247Август ойида дунёдаги энг нуфузли аралаш яккакураш лига ҳисобланмиш UFC'да жанг қиладиган ўзбек спортчилари сони 3 нафарга етди. Енгил вазнда турли лигалардаги ёрқин жанглари билан танилган Рамазон Темиров UFC матчмейкерларининг эътиборига тушди ва октябрь ойида лигада дебют қиладиган бўлди.
27 ёшли Темировнинг ташкилотдаги дастлабки жанги муваффақиятли тарзда якунланди. Темиров 33 ёшли тажрибали америкалик Сижей Вергарани 1-раунддаёқ техник нокаутга учратиб, ёрқин жангдан сўнг ғалаба учун бериладиган 24 минг АҚШ доллар гонорардан ташқари, 50 минг доллар бонусга ҳам эга бўлди.
Рамазон Темировнинг QALAMPIR.UZ'ga маълум қилишича, у тез орада UFC билан яна 4 та жангга шартнома тузади ва лиганинг топ жангчилари билан тўқнаш келади, чунки Темиров дебютидаги ёрқин ғалабадан кейин лига топ-20 жангчилари қаторига кирди.
Хўш, Рамазон Темировнинг UFC'га кириб келиши қандай содир бўлди? У бу йўлда қандай қийинчиликларни бошдан ўтказди?
QALAMPIR.UZ юқоридаги саволлари билан Темировга юзланди.
Маълум бўлишича, Рамазон Темировнинг UFC'га ўтиши анча вақт чўзилган. Аслида унинг охирги рақиби Сижей Вергара ҳам Рамазон Темировга эмас, балки қозоғистонлик Азат Максум билан жанг қилиши керак бўлган, бироқ Максум жароҳат олгани боис ташкилотчилар Вергарага қарши Темировни тўқнаш келтирган.
Шунингдек, ҳозирда менежерлар Рамазон Темировнинг укаси Азизбек Темировнинг ҳам жангларини кузатиб бормоқда ва матчмейкерларга ака-ука Темировларни битта лигада жанг қилиши қизиқ кўриняпти. Шунинг учун ҳам тез орада кичик Темиров ҳам дунёнинг энг нуфузли лигасида жанглар ўтказиши мумкин.
Маълумот учун, Рамазон Темиров 1997 йил Қашқадарёда туғилган. Фаолияти давомида MPL, “Naiza” ва “Rizin” каби номдор лигаларда жанг ўтказган. Гарчи Темиров жанг қиладиган вазнда нокаутлар камроқ кўзга ташланса ҳам, Рамазон қаттиқ зарбаси эвазига жангларидан 11 тасида рақибларини муддатидан аввал мағлуб этган.