UEFA Исроил клуби аъзоларига рухсатсиз меҳмонхонадан чиқишни тақиқлади
Спорт
−
08 Ноябрь 2023
3949Исроилнинг “Маккаби Ҳайфа” футболчилари, шунингдек, клуб ходимлари Кипрдаги Европа лигаси ўйини олдидан ўта муҳум сабабларсиз меҳмонхонани тарк эта олмайдиган бўлди. Бу ҳақда “One” хабар берди.
UEFA'нинг Исроил жамоалари иштирокидаги ўйинларни нейтрал майдонда ўтказиш қарори сабабли “Маккаби”нинг Испаниянинг “Вилярреал” клуби билан уй учрашуви Кипрга кўчирилди. 9 ноябрь куни Европа Лигаси гуруҳ босқичининг 4-тур учрашувлари бўлиб ўтади.
Ҳозирда “Маккаби” Кипрда машғулот ўтказмоқда. Яқин Шарқдаги воқеалардан кейин Исроилни тарк этган хорижлик футболчилар ҳам машғулотларга қўшилди. UEFA қарорига кўра, футболчилар ва клуб ходимлари машғулотлар ва ўйинга боришдан ташқари меҳмонхонани рухсатсиз тарк этиши мумкин эмас.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ғазо секторидаги воқеалар сабаб Исроил Миср ва Марокашдаги дипломатик ваколатхоналарини эвакуация қилган, Sundor авиакомпанияси эса Туркияни тарк этишни хоҳловчи исроилликларга бепул рейслар тақдим этганди.