Учта ҳудудда жами 34 кг гашишни пулламоқчи бўлган оғуфурушлар ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида катта миқдордаги гашиш гиёҳвандлик моддасининг ноқонуний муомалага киритилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Наманган вилоятининг чегара ҳудудида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида 1993 йилда Андижон вилоятида туғилган шахс қўлга олинган. У қўшни республика ҳудудидан сумкага жойланган 20 кг гашишни Норин дарёси орқали олиб ўтиб, 20 метр ичкарида жойлашган дарахтлар тагига яшираётган вақтда ушланган.

Суриштирув ишлари давомида мазкур шахс гиёҳвандлик воситасини Андижон ва Наманган вилоятларида яшовчи шерикларига етказмоқчи бўлгани аниқланган.

Наркожиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш ва ушлаш мақсадида тезкор тадбир Андижон вилоятида давом эттирилган. Натижада жорий йилнинг 7 сентябрь куни тунги соат 02:00 атрофида 1976 йилда туғилган фуқаро Андижон шаҳрида 10 кг гашиш гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олаётган вақтда қўлга олинган.

Маълум қилинишича, кенг қамровли тезкор тадбирлар Фарғона вилоятида ҳам давом эттирилган. Қўқон шаҳрида гашиш гиёҳвандлик моддасини 24 минг АҚШ долларига сотган шахс жиноий ҳаракатлари давомида қўлга олинган.

Шунингдек, вилоятнинг Бешариқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1991 йилда туғилган шахс алоҳида ўралган тўрт дона бўлакда 4 кг гашиш гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан наркожиноий ҳаракатларни содир этган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) 2-қисми ҳамда 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 1 килограммдан ортиқ гашишни 26 минг АҚШ долларига сотишга уринган, аввал ҳам гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят учун судланган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг