Қўнғир айиқ овланиши бўйича соҳа олими хулоса берди
Жамият
−
18 Май 2021
13942Хабарингиз бор, жорий йилнинг 12 май куни Бўстонлиқ туманида россиялик овчи Евгений Широков томонидан камёб қўнғир айиқ отиб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда тарқалди ва аҳоли норозилигига сабаб бўлди. Кимдир Қизил китобга киритилган қўнғир айиқнинг отилишини ноқонуний деса, яна кимдир бу каби овчиларга ов қилиш учун чеклов қўйишни талаб қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси россиялик овчининг Бўстонлиқ туманида Тянь-шань қўнғир айиғининг отилиши қонуний эканини, бунинг учун унга рухсатнома берилганини ва Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан маъқулланганини маълум қилганди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти етакчи илмий ходими биология фанлари доктори, профессор Элмурод Шерназаров Қизил китобга киритилган қўнғир айиқнинг отилгани хусусида муносабат билдирди.
“Бугунги кунда иккита айиқнинг ўлдирилгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, бунга рухсат берилган. Ҳуқуқий-норматив ҳужжатларда умумий ов қилинадиган ҳайвонларга нисбатан квота ажратилиши мумкин, Қизил китобга киритилган ҳайвонларга нисбатан ҳам квота ажратилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Ов қилинишидан олдин овчилар томонидан Ўзбекистон Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига ариза тушади. Улар эса мана шу тушган аризаларни мувофиқлаштириб, муҳокамага беришади. Идоралараро комиссия тузилган бўлиб, ушбу комиссияда ҳар хил мутахассислар қатнашади. Бундан мақсад – табиатдан рационал фойдаланиш. [Айиқларнинг] белгиланишидан олдин бу муҳокама бўлган”, дейди профессор.
Элмурод Шерназаров сўзида давом этаркан, ов қилиш бўйича бу каби амалиёт фақатгина Ўзбекистонда эмас, хорижда ҳам учрашини қўшимча қилди.
“Республикамизда қилинаётган бу каби ишлар янгилик эмас. Бу бутун дунёда мана шу тартибда олиб борилади. Масалан, Россияда ҳам, Тожикистонда ҳам, Aмерикада ҳам бор.
Овчилар ҳайвон овлашидан олдин махсус рухсатнома олади. Ўрдак овлайдими, бедана овлайдими, махсус рухсатнома бўлиши керак. Бу нарса битта инсоннинг қабул қилган қарори эмас”, дейди профессор.
Aввалроқ, жорий йил 3 март куни Россия Федерация фуқароси Е.П.Широковга Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган 2 та Тянь-шань қўнғир айиғини отишга №400030-сон рухсатнома берилгани, биринчи айиқ ўлдирилиб, фуқаролар норозилигига сабаб бўлгач, иккинчи айиқни отиш учун рухсат берилмаслиги маълум қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, Экология қўмитаси россиялик овчи иккала айиқ учун ҳам қонунчиликка кўра тегишли маблағ тўланганини таъкидлаб, бу ҳолатнинг мутлақо қонуний эканини маълум қилганди.