Москвадаги терактдан жабрланган оила фарзандлари ёзни Ўзбекистонда ўтказади
Жамият
−
24 Июнь
13921Россиядаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида содир этилган терактдан жабрланган россиялик оила фарзандлари ёзни Ўзбекистондаги оромгоҳда ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов касаба уюшмалари умумий конфедерацияси кенгаши йиғилишида сўз очган.
Қайд этилишича, теракт оқибатида жабрланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ушбу оилаларнинг 100 нафар фарзандини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари билан таништириб, энг яхши соғломлаштириш оромгоҳларида бепул дам олишга таклиф қилган.
Билдирилишича, кеча, 23 июнь куни 100 нафар боладан иборат гуруҳ Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинган.
Етиб келган россиялик ёшлар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги болалар оромгоҳида 14 кун дам олади. Уларга дам олиш давомида спорт кийимлари ва зарур техник жиҳозлар совға сифатида топширилади.
Шунингдек, белгиланган муддат давомида сув спорти фестивали, ҳажвий эстафеталар, хорижий ва маҳаллий фильмлар ва спектакллар намойиши, шунингдек, видеофильмлар танлови ўтказиш режалаштирилган.
Маълумот учун, барча харажатлар Касаба уюшмалари томонидан қопланади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ёзда Украинадан дам олиш ва реабилитация учун 45 нафардан иборат болалар гуруҳи Ўзбекистонга олиб келинганди.