Twitter’га янги раҳбар тайинланди. Маск ўрнини кимга бўшатди?
Олам
−
13 Май 2023
4608Америка Қўшма Штатларидаги NBSUniversal медиа корпорациясининг сотувлар бўйича собиқ директори Линда Яккарино Twitter’нинг янги бош директори этиб тайинланди. Бу ҳақда Илон Маск ўз Twitter саҳифасида пост қолдирди.
“Мен Линда Яккаринони Twitter’нинг янги бош директори сифатида кутиб олишдан хурсандман! Линда асосан бизнес операцияларига эътибор қаратади, мен эса маҳсулот дизайни ва янги технологияларга аҳамият бераман. Линда билан платформани универсал иловага айлантириш учун ҳамкорлик қилишни орзиқиб кутаман”, дея пост қолдирган Илон Маск.
Маълумот учун, Линда Яккарино 1963 йилда Нью-Йоркда туғилган. 1985 йилда у Пенсильвания университетини тамомлаган. У медиа индустриясидаги фаолиятини NBSUniversal’нинг медиа режалаштириш бўлимида стажёр сифатида бошлаган. Дастлаб у савдо, кабель телевидениеси ва рақамли реклама, 2012-2020 йилларда эса реклама ва мижозларга хизмат кўрсатиш бўлимига раҳбарлик қилган. 2020 йилда у глобал реклама бўлимида ҳамкорлик бўйича директор бўлган. Линда Superkubok ва Олимпиада каби йирик спорт тадбирларининг трансляцияларини назорат қилиб, Snapchat, Youtube, Twitter каби йирик технология компаниялари билан ҳамкорлик қилган. Линда кеча, 12 май куни Twitter’нинг янги раҳбари этиб тайинлангунга қадар NBSUniversal медиа корпорациясининг сотувлар бўйича собиқ директори вазифасида ишлаб келаётган эди.
Бироз аввал Илон Маск Twitter бош директорлигидан кетишини маълум қилди. Бироқ айнан ким бош директор бўлиши ҳақида гапирмаган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг октябрь ойида америкалик миллиардер Илон Маск Twitter’ни сотиб олиш бўйича 44 миллиард долларлик келишувни якунлаб, ижтимоий тармоқ раҳбарига айланган эди.
Маскнинг Twitter бошқарувига келиши компанияда бир нечта тартибсизликни келтириб чиқарди. У ижтимоий тармоқни харид қилиши билан топ-менежерларни ишдан бўшатди ва ўрнига бошқаларни тайинлади. Бундан ташқари, компания ишчилари 50 фоизга қисқартирилди.
Шунингдек, Илон Маск Америка Қўшма Штатларининг собиқ Президенти Дональд Трампнинг Twitter’даги ҳисобини қайта тиклади. Трампнинг ҳисобини тиклаш Маск Twitter’нинг сиёсатини кескин ўзгартирганини англатади. Албатта, Маскнинг ҳаракатлари Twitter’да реклама берувчиларда ҳам хавотир уйғотди. Бироқ ва Apple’нинг Twitter’да реклама беришни давом эттириш қарори мутлақ ютуқ бўлди.
LiveБарчаси