Туркияда оммавий эмлаш қачондан бошланиши маълум қилинди
Олам
−
03 Декабрь 2020
5545Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳриддин Кожанинг маълум қилишича, мамлакат аҳолисини коронавирусга қарши оммавий эмлаш жорий йилнинг 11 декабридан бошланади.
Кожанинг таъкидлашича, тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган ходимлар, шунингдек, 65 ёшдан юқори бўлган фуқаролар энг биринчи эмланади.
Жорий йилнинг 11 декабрь куни Туркияга Хитой вакцинасининг дастлабки партияси олиб келиниши кутилмоқда.
Кожанинг сўзларига кўра, шундан сўнг, 65 ёшдан кичик бўлган фуқаролар эмланади. Асосан, сурункали касалликлари бўлган шахсларга вакцина тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатда оммавий эмлаш ишлари мутлақо бепул амалга оширилишини маълум қилган эди.
Бундан ташқари, мамлакат ССВ раҳбари Фаҳриддин Кожа Туркияда 25 ноябрдан Россия вакцинасининг токсикологик синовлари бошланишини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған 20 ноябрдан мамлакатда коронавирусга қарши кураш доирасида дам олиш кунлари комендантлик соати жорий қилган эди. Шундан сўнг, 21 ноябрдан бошлаб Туркиядаги хорижлик сайёҳлар мамлакатда дам олиш кунлари амалда бўладиган комендантлик соатига риоя этмаслиги мумкинлиги белгилаб берилди.
Жорий йилнинг 1 декабридан чеклов чоралари яна кучайтирилди. Янги чораларга кўра, иш кунлари маҳаллий вақт билан соат 21:00 дан эрталаб соат 05:00 гача мамлакат бўйлаб комендантлик соати амалда бўлади.