Туркияда мушукларни кислота билан ўлдирган эркак 8 йилга қамалди

Олам

image

Туркиянинг Истанбул шаҳри Эюпсултон туманида мушукларни кислота билан жароҳатлаб, уларни ўлдирган эркакка суд ҳукми ўқилди ва у 8 йил-у 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда DHA хабар берди.

Маълум бўлишича, Мурат Ўздемир исмли гумонланувчи 2023 йилнинг июль ойида кўча мушукларини кислота билан жароҳатлаган. Оқибатда жониворларнинг танаси куйиб кетган. Эркак бу ишини жуда кўп вақтдан бери қилиб келаётгани аниқланган ва у сиртдан қамоққа олинган.

Жиноят ишлари бўйича Истанбул шаҳар суди томонидан Мурат Ўздемирнинг судланганлиги бўйича қарор чиқарилди. Истанбул биринчи инстанция судида бўлиб ўтган суд мажлисида Истанбул Адвокатлар уюшмаси Ҳайвонлар ҳуқуқлари маркази адвокатлари ва Эюпсултон туман ҳокимлиги адвокати иштирок этган. Ҳибсдаги судланувчи Мурат Ўздемир ва унинг адвокати суд мажлисида қатнашмаган. Судланувчининг ҳимояси олинмаган бўлса-да, шикоятчининг адвокати судланувчини жазолашни талаб қилган.

Истанбул Бош прокуратураси томонидан тайёрланган айблов хулосасида гумондор Мурат Ўздемирга ҳайвонга нисбатан қийноққа солиш ёки шафқатсиз муносабатда бўлиш жинояти учун 7 ой 15 кундан 5 йил 3 ойгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши сўралган эди.

Суд Мурат Ўздемирни “бирдан ортиқ уй ҳайвонларини қасддан ўлдириш” айби билан 4 йил 6 ой қамоқ жазосига, “бирдан ортиқ ҳайвонларини қийноққа солган ёки шафқатсиз муомала қилгани” учун 3 йил 9 ой қамоқ жазосига, жами 8 йил 3 ой қамоқ жазосига ҳукм қилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ит ва мушукларни пневматик қурол билан отган эркак қамалганди. “Меҳр ва Оқибат” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятига аёл мурожаат қилган. Унга кўра, унинг мушуги танасида жароҳат билан уйга қайтган. Аёл эртаси куни мушугини ветеринария клиникасига олиб борган. Ўтказилган рентген тадқиқотларида жонивор танасига пневматик қурол ёрдамида жароҳат етказилганини тахмин қилувчи элементлар аниқланган. Шундан сўнг жониворни зудлик билан операция қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Орадан вақт ўтиб, аёл ўз қўшнисини қўлида пневматик қурол билан кўрганлиги, у билан кўчадаги мушук ва итларни нишонга олаётганлигининг гувоҳи бўлганини айтган. Қўшниси аёл билан телефон мулоқоти пайтида ҳақиқатан ҳам ит ва мушукларни пневматик қуролдан отганини тан олган. Миробод тумани маъмурий ишлар бўйича суди айбдор аёлни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси 1-қисми (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) бўйича айбдор деб топган ва унга нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ белгилаган.


Мақола муаллифи

Теглар

мушук кислота Эюпсултон тумани Мурат Ўздемир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг