Туркияда Имомўғлининг партиядошлари қўлга олинди
Олам
−
05 Июль 4097 2 дақиқа
Бугун, 5 июль куни Туркия полицияси порахўрликда гумон қилинган уч шаҳар мэрини ҳибсга олди. Бу ҳақда “Daily Sabah” хабар берди.
Ҳибсга олинганлар орасида Адана шаҳри мэри Зейдан Каралар, Анталия мэри Муҳиддин Бўжек ва Адияман шаҳри мэри Абдурраҳман Тутдере бор. Уларнинг барчаси асосий мухолифатдаги Республика халқ партияси (CHP) аъзолари ҳисобланади.
Рейдлар чоғида полиция шаҳар ҳокимликлари биноларида тинтув ўтказган. Анталияда Бўжек билан бирга яна икки шахс ҳам қўлга олинган.
Маълум қилинишича, коррупция бўйича ҳибсга олиш ишлари давом этмоқда. Ушбу тергов асосан Азиз Иҳсан Акташ исмли тадбиркорнинг кўрсатмаларига асосланмоқда. У бир нечта ҳокимиятлар фаолиятида жиноятчилик тармоғи бошлиғи сифатида тан олинган.
Коррупция билан боғлиқ айбловлар ўтган йилдан бошланган ва асосан CHP назоратидаги шаҳар ҳокимиятларига кенг ёйилган. Бу партия аъзоларининг, жумладан, Истанбулнинг собиқ мэри Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ва сўроқ қилинишига сабаб бўлган.
Жорий йилнинг 23 март куни эрталаб Имомўғли суд қарори билан ҳибсга олинган. Шу куни Республика Халқ партияси Имомўғлини Туркия президентлигига номзод қилиб кўрсатди ва у номзодликка тасдиқланди. Праймеризлар давомида унинг номзодини 13,2 миллион фуқаро қўллаб-қувватлади – бу рўйхатга киритилган барча сайловчиларнинг қарийб 20 фоизига тенг.
Имомўғлининг таъқиб қилиниши Туркияда 2013 йилдан бери энг йирик норозилик тўлқинига сабаб бўлди. Собиқ ҳоким ҳибсга олинганидан кейинги 10 кун ичида бутун мамлакат бўйлаб уни қўллаб-қувватловчи 220 га яқин намойиш бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойи ўрталарида Истанбул шаҳрининг собиқ ҳокими, мухолифатдаги “Жумҳурият Халқ” партияси аъзоси Экрем Имомўғли Анқарада сўзлаган нутқида Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг даври тугаганини айтганди. У Эрдўған сиёсати фақатгина ёмонлик келтирганини таъкидлаганди. 19 март куни махсус операция давомида Имомўғли ва унинг матбуот билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Мурат Онгун қўлга олинди. Мазкур ҳолат Туркияда намойишларга ҳам сабаб бўлди. Адлия вазири Йилмаз Тунч воқеалар юзасидан тегишли баёнотини эълон қилди ва Имомўғлининг ишига Эрдўғаннинг алоқаси йўқ эканини айтиб чиқди.
Коррупция ва терроризм иши бўйича ҳибсга олинган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли 22 март куни ўзига қўйилган барча айбловларни рад этди. Ўша куни у суд биносига олиб борилди. Бош прокуратура суд биносига юборилган 90 нафар гумондор учун 30 нафар прокурор тайинлади. Аста-секин Имомўғли билан боғлиқ суд қарорлари эълон қилина бошланди. Шундан сўнг, Имомўғли аҳолини 23 март куни ўтказиладиган оммавий митингларда қатнашишга чақирди.
Live
Барчаси