Туркияда автобус ағдарилиб кетиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди
Олам
−
08:45 1325 1 дақиқа
Кеча, 1 февраль куни Туркиянинг Анталия шаҳрида йўловчи автобуси иштирокида оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Оқибатда 8 киши ҳалок бўлди, яна 26 нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари олди. Бу ҳақда “Mersin Haber” хабар берди.
Автобус Текирдағ вилоятидан Анталияга кетаётган бўлган. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги тўсиқни бузиб, автобус билан жарликка тушиб кетган. Автобус ичида йўловчилар қисилиб қолган.
Анталия губернатори Ҳулуси Шаҳиннинг маълум қилишича, автобус бурилишни уддалай олмаган ва йўлдан чиқиб ағдарилган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси Туркия фуқаролари. Жароҳатланганларнинг айримлари оғир аҳволда. Автобус салонида жами 34 киши бўлган.
Автобус Buzlu Turizm компаниясига тегишли экани айтилмоқда. Ҳозир воқеа жойида шифокорлар ва қутқарувчилар ишламоқда, мутахассислар эса авария сабабларини аниқлашни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Навоий вилоятининг Томди туманида ичида 47 йўловчиси бор автобус ағдарилиб кетганди. Ҳодиса оқибатида 2 киши вафот этган.
Live
Барчаси