Бугун “эл-классико”. Омадсиз ўйин ўтказаётган “Реал” “Барселона”ни мағлуб эта оладими?
Спорт
−
01 Март 2020
6663Бугун, 1 март куни Испания чемпионати 26-туридан ўрин олган Мадриднинг “Реал” ва Каталониянинг “Барселона” жамоалари ўртасида учрашув бўлиб ўтади.
Айни пайтда мусобақа жадвалида “Барселона” “қироллик клуби”ни 2 очкога ортда қолдирмоқда. Бугун, 1 мартдан 2 мартга ўтар кечаси, барча футбол мухлислари сабрсизлик билан кутаётган “эл-классико” бўлиб ўтади. Ушбу баҳс олдидан жамоаларнинг ўзаро ўйинлари статистикаси ва мураббийлар фикрига назар соламиз.
Ўзаро тўқнашувлар
“Реал Мадрид” ва “Барселона” жамоалари шу кунга қадар барча мусобақаларда ўзаро 276 маротаба тўқнаш келишган. Бўлиб ўтган ушбу учрашувларнинг 99 тасида Мадриднинг “Реал” клуби ғалаба қозонган. 115 та ўйинда “Барселона” жамоасининг қўли баланд келган. Қолган 62 баҳсда дуранг натижа қайд этилган. 1943 йили “Қироллик клуби” “Барселона” жамоаси устидан 11:1 ҳисобида ғалаба қозонган. “Барселона” жамоаси эса 1913 йили “Реал Мадрид” ни 7:0 ҳисобида мағлубиятга учратган.
Жамоаларнинг сўнги ўйинлари
“Реал Мадрид” Европа чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичи доирасида, Англиянинг “Манчестер Сити” жамоасини қабул қилди ва 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. “Қаймоқранглилар” бугунги баҳсга қадар кетма-кет 3 та ўйиндан бери ғалаба нималигини билмай келмоқда.
Каталониянинг “Барселона” жамоаси сўнги бор Испания чемпионатининг 21-туридан ўрин олган “Валенсия”га қарши учрашувда мағлубиятга учраган эди. “Кўк-анорранглилар” ички чемпионатда кетма-кет 4 та ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда. Лекин каталонияликлар Европа чемпионлар лигаси доирасида, Неаполнинг “Наполи” клубига қарши баҳс олиб борди ва учрашувда дуранг натижа қайд этилди.
Зинедин Зидан, “Реал Мадрид” жамоаси бош мураббийи:
“Европа чемпионлар лигаси доирасида “Манчестер Сити” жамоасига қарши учрашувда қабул қилиб олинган мағлубиятдан сўнг, мухлисларимиз биз томон танқид тошларини отишди. Агарда бугун “Барселона” жамоасига қарши учрашувда ҳам мағлубиятга учрасак, улар биздан ғазабланади.
Мен буни жуда ҳам яхши тушунаман. Севимли жамоангиз мағлуб бўлса жуда ҳам алам қилади. Айни пайтда мусобақа жадвалида “Барселона” карвонбошилик қилмоқда. Биз ушбу натижани буткул ўзгартириб, пешқадам бўлиб олишимиз мумкин. Бунинг учун хато қилмаслигимиз керак”.
Кике Сетьен, “Барселона” жамоаси бош мураббийи:
“Бўлиб ўтадиган бугунги учрашувдаги ғалаба “Реал Мадрид" учун сув ва ҳаводек зарур. Шунингдек, биз ҳам ушбу баҳсда ғалаба қозонишни истаймиз. Сабаби, агарда бугун “Реал”га мағлуб бўлсак, жадвалда биздан олдинга ўтиб кетишади. Шунинг учун ҳам хато қилишга ҳаққимиз йўқ.
Қолаверса, фаолиятим давомида илк маротаба “эл-классико”да мураббий сифатида иштирок этаяпман. Бу мен учун фахр. Бундай ўйинларда яхши натижа кўрсатиш, ҳар қандай мураббийнинг орзуси”.
Жамоаларнинг тахминий таркиблари:
“Реал Мадрид”
Дарвозабон: Тибо Куртуа,
Ҳимоячилар: Карвахал, Варан, Рамос, Менди,
Ярим ҳимоячилар: Кроос, Каземиро, Вальверде,
Ҳужумчилар: Винисиус, Бензема, Иско
“Барселона”
Дарвозабон: Тер Штеген
Ҳимоячилар: Фирпо, Пике, Умтити, Семеду
Ярим ҳимоячилар: Бускетс, Ракитич, Де Йонг
Ҳужумчилар: Месси, Брэйтуэйт, Гризманн
Маълумот ўрнида, Ухань шаҳри жамоаси футболчилари “эл-классико”га таклиф қилинган.
Эслатиб ўтамиз, “Реал Мадрид” ва “Барселона” жамоаларидаги учрашув 1 мартдан 2 мартга ўтар кечаси 01:00 да бошланади.
Жаҳонгир Сотволдиев