Туркияда ҳам иш ҳафтаси қисқартирилиши мумкин
Олам
−
19 Февраль
5623Туркия ҳукумати меҳнат кодексига иш ҳафтасини 48 соатдан 35-40 соатгача қисқартиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар тайёрлашни бошлади. Бу хақда “Sabah” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, расмийлар соҳалар бўйича фарқ қилувчи меҳнат қонунларини бирлаштириш ва бандлик сектори учун кенг қамровли ва ягона тартибга солишни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Мамлакатда 1936 йилги Меҳнат қонуни иш нормасига кўра, кунига 8 соат ва ҳафтасига 48 соат иш режими белгиланган. 2003 йилда меҳнат қонуни қайта кўриб чиқилди, иш ҳафтаси 45 соатни ташкил этди. Бироқ, ушбу нормалар, тармоқлар учун алоҳида қоидалар мавжудлиги сабабли, ҳамма жойда қўлланилмайди.
Шундай қилиб, медиа секторида ва денгиз меҳнат қонунчилигида 48 соатлик иш ҳафтаси норма бўлиб қолмоқда, бошқа соҳаларда эса 45 соатлик ҳафталик қоида амал қилади. Шу билан бирга, ходим йилига 270 соатгача бўлган қўшимча ишларга жалб қилиниши мумкин.
Ҳукумат барча касбий гуруҳлар учун қоидаларни унификация қилишни ва ҳафтасига 35-40 иш соатини норма ва янги қўшимча иш регламенти сифатида жорий этиш ниятида. Ушбу ўзгаришлар технологик ривожланишнинг ҳозирги ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши режалаштирилган, бу эса жараёнлар самарадорлигини ошириш орқали иш вақтини қисқартириш имконини беради. Бундан ташқари, ишга қабул қилинган ходимларнинг ҳуқуқлари, устама тўлаш қоидалари ва миқдорлари, иш вақтидан ташқари иш вақти коэффициентлари, ижтимоий кафолатларга доир айрим ҳуқуқий нормаларни қайта кўриб чиқиш кўзда тутилган. Қайд этилишича, мазкур қоидаларни қайта кўриб чиқиш ходимлар манфаатларини кўзлаб амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қозоғистонда 4 кунлик иш ҳафтасига ўтилганди. Германияда ҳам иш ҳақи сақланган ҳолда тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш синов тариқасида 50 дан ортиқ компанияларда синаб кўрилганди.
Мадина Отабоева