Туркия суди Қуръонни ёққан Палуданни ҳибсга олишга қарор қилди
Олам
−
20 Июль 2023
9101Анқара жиноий суди Даниянинг ўта ўнгчи “Қаттиқ келишув” (“Stram Kurs”) партияси раҳбари Расмус Палуданни ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Қайд этилишича, Палуданга нисбатан аҳолининг бир қисми томонидан қабул қилинган диний қадриятларни омма олдида ҳақорат қилиш айблови қўйилган.
Тергов доирасида Бош прокуратура судга Палуданни кўрсатма бериш учун ҳибсга олиш сўрови билан мурожаат қилган. Суд аризани қаноатлантирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 январь куни ўнг экстремистик партия раҳбари Расмус Палудан Швециянинг Стокгольм шаҳридаги Туркия элчихонаси олдида Қуръонни оммавий равишда ёқиб юборганди. У ўз нутқида НАТО, Туркия ва ушбу мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни танқид қилган, шунингдек, Муҳаммад пайғамбарнинг карикатурасини намойиш этган. Бу эса Туркия ва Швеция ўртасидаги муносабатларнинг чигаллашишига олиб келганди.
Палудан шунга ўхшаш акцияларни 27 январь куни Дания пойтахти Копенгагенда ўтказганди. Улардан бири Даниядаги Россия элчихонасининг консуллик бўлими биноси олдида уюштирилган.
Туркия пойтахтида 16 март куни бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотининг фавқулодда саммитида қатнашган давлат раҳбарлари ҳам Европанинг бир қатор давлатларида Қуръонни ёқиб юборилишини қоралаган эди.
Шундан сўнг, Британия ҳукумати Расмус Палуданни мамлакат шимолидаги Уэйкфилд шаҳрида Қуръонни ёқиб юбориш билан таҳдид қилганидан кейин Буюк Британияга киришини тақиқлаганди.
Швецияда яна бир Қуръон ёқилиши ҳолати
Жорий йилнинг 28 июнь куни Швеция пойтахти Стокгольмнинг марказий майдонларидан бирида 37 ёшли ироқлик муҳожир томонидан Қуръон китоби ёқиб юборилганди. Бунга нисбатан бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар ўз норозилигини билдирди. Жумладан, Россия Президенти Владимир Путин Қуръоннинг ёқилиши динлараро адоват қўзғашини айтиб, бу ҳолат жиноят дея баҳоланишини ҳамда унга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган эди. Шунингдек, Путинга унинг Доғистонга сафари давомида Қуръон совға қилишганди.
Расмий Анқара ҳам Қуръоннинг ёқилиши юзасидан Швецияга нисбатан норозилигини билдириб, ушбу мамлакат учун НАТОга аъзо бўлиш “орзу” бўлиб қолишини маълум қилган. Европа Иттифоқи Швециядаги воқеалар бўйича ўз позициясини билдириб, муқаддас китобларнинг ёқилиши ҳақорат, ҳурматсизлик ва очиқ-ойдин провокация эканини билдирган. Шунингдек, Қуръонни ёқиш бўйича акция Иттифоқ фикрини акс эттирмаслигини айтиб ўтган.
АҚШ ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралаб, Швециядаги мусулмонларнинг ҳуқуқларидан хавотирда эканини билдирган. Ироқ Қуръонни ёққан одам унинг фуқароси эканини даъво қилиб, Швециядан уни экстрадиция қилишни талаб этганди. Ироқда, шунингдек, футбол бўйича миллий чемпионатнинг “Ал-Шорта” ва “Ал-Қосим” жамоалари ўртасидаги ўйинда Швецияда Қуръоннинг ёқилишига қарши акция ўлароқ футболчи ва ҳакамлар майдонга Қуръон китоблари билан чиқишди.
2 июль куни эса Ислом ҳамкорлик ташкилотида Швецияда Қуръоннинг ёқилиши юзасидан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилганди. 3 июль куни Рим папаси Франциск Швецияда Қуръон ёқилишини кескин қоралаб, бу ҳолат уни ғазаблантирганини маълум қилди. 5 июль куни эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралаган.