Туркия Россиядан пўлат сотиб олишни чеклайди

Олам

image

Туркия Россиядан пўлат маҳсулотларига бож жорий қилди. Бундан буён рус пўлатига ишлаб чиқарувчига қараб 6 дан 9 фоизгача қўшимча солиқ тўланади. Бу ҳақда кеча, 11 октябрь куни расмий газетада эълон қилинган Туркия ҳукумати қарорида сўз боради.

“Ушбу чора-тадбирлар 5 йил муддатга жорий қилинган ва маҳаллий пўлат ишлаб чиқаришга зарар етказадиган "ноҳақ рақобат" ва хорижий етказиб берувчилар томонидан дампинг билан боғлиқ”, дея тушунтирди Туркия Вазирлар Маҳкамаси.

Анқара Ҳиндистон ва Япония пўлат ишлаб чиқарувчилари учун ҳам худди шундай божлар жорий қилмоқда. Хитой пўлати учун божлар тақиқланган даражада – 43 фоизгача ўрнатилади.

2023 йилда Туркия 3,1 миллиард долларга Россиядан пўлат сотиб олди. Россиянинг пўлат ишлаб чиқарувчилари Россиянинг Украинага қарши уруши фонида жорий этилган санкциялар туфайли хорижда сотиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келишмоқда: январь-август ойларида Россия денгиз портлари орқали қора металлар экспорти 15 фоизга камайди ва 12,5 миллион тоннани ташкил этди.

“Россия темирйўллари тармоғи орқали экспорт ташиш ҳам 15 фоизга қисқариб, 19,5 миллион тоннани ташкил этди”, дейди Финам инвестиция компанияси таҳлилчиси Алексей Калачев.

Энг катта йўқотишларни Россиянинг энг йирик пўлат қувурлар ишлаб чиқарувчиси бўлган Қувур металлургия компанияси корхоналари кўрди. Первоуралск янги қувурлар заводининг экспорти йилнинг биринчи ярмида 21 фоизга, Челябинск қувур прокат заводи ва Волжский қувур заводининг 57-58 фоизга камайди. Миллиардер Алексей Мордашовга тегишли "Северсталь" экспорти 24 фоизга, Мечел 23 фоизга, Evraz заводлари эса 7-20 фоизга пасайган.

“Экспортнинг пасайиши энг йирик металлургия холдингларини ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбур қилмоқда”, дейди Калачев.

Чермет корпорацияси таҳлилчиларининг фикрига кўра, сентябрь ойида пўлат ишлаб чиқариш йиллик кўрсаткичларда 13,5 фоизга камайди ва ишлаб чиқаришнинг пасайиши кетма-кет тўққизинчи ойда қайд этилди. Прокат ишлаб чиқариш 18 фоизга, чўян ишлаб чиқариш 8,5 фоизга, қувурлар ишлаб чиқариш 2 фоизга камайди.

“Экспорт муаммоларидан ташқари, металлургларга қурилиш саноатидаги заиф талаб ҳам босим ўтказмоқда, бу эса, ўз навбатида, юқори фоиз ставкалари туфайли босим остида”, деб тушунтиради “Велес капиталь” етакчи таҳлилчиси Василий Данилов.

Унинг прогнозларига кўра, жорий йил охирига қадар мамлакатда пўлат ишлаб чиқариш ҳажми 2023 йил даражасига нисбатан 3-5 фоизга камаяди ва 72-74 миллион тоннани ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россиядан Хитойга нефть хомашёси импортининг умумий ҳажми 7,4 фоизга қисқаргани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Туркия Ҳиндистон Япония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг