Туркия Қорақалпоғистондаги воқеалар ҳақида қандай фикрдалиги маълум бўлди
Жамият
−
04 Июль 2022
24377Ўзбекистон томонидан Қорақалпоғистонда тинчликни ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича қилинаётган ишларни Туркия қатъий қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда бугун, 4 июль куни Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов билан бўлган мулоқотида маълум қилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, томонлар телефон орқали мулоқот қилган.
“Суҳбат аввалида Мавлуд Чавушўғли Ўзбекистон томонидан Қорақалпоғистон Республикасида тинчлик, хавфсизлик ва жамоат осойишталигини таъминлаш, ушбу ҳудуднинг барқарор ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилган қатъий чора-тадбирларни Туркия қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди”, дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.
Бундан ташқари мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлақонли амалга ошириш муҳимлиги қайд этилган.
Икки ва кўп томонлама шаклдаги режалаштирилган тадбирларнининг ташкилий ва мазмуний жиҳатлари кўриб чиқилган. Шу жумладан, Тошкент шаҳрида ўтказилиши кутилаётган ташқи сиёсат, иқтисодиёт ва транспорт масалалари учун масъул идоралар раҳбарлари даражасидаги “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” уч томонлама учрашувига тайёргарлик жараёни муҳокама қилинган.
Аввалроқ, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Хитой каби бир қатор давлатлар Ўзбекистон ҳукуматининг Қорақалпоғистон Республикасида барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлагани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
Бугун, 4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь