Туркия Истанбулда бомба қолдирган шахсни ҳибсга олди

Олам

image

Туркия полицияси Истанбулнинг Бейўғли туманидаги Истиқлол кўчасида кеча, 13 ноябрь куни портлаган бомбани қолдиргани тахмин қилинаётган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу маълум қилди. 

“Бейўғлида бомба қолдирган шахс Истанбул хавфсизлик бошқармаси томонидан қўлга олинди. У сўроқ остида”, дейди вазир журналистларга.  

Унинг нутқи акс этган видео Twitter’даги саҳифасида эълон қилинган. Сойлу, терговда террор ҳужуми излари Сурияга олиб борадиган далиллар борлигига эътибор қаратди ва Анқара томонидан террорчи деб тан олинган гуруҳлар бунга алоқадор. Ҳаммаси бўлиб, унга кўра, ҳозиргача ҳужумга алоқадор бўлиши мумкин бўлган 20 дан ортиқ киши қўлга олинган. 

“Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, ҳужумни амалга ошириш буйруғи Кобанидан, ҳужумчи эса Африндан келган”, дейди вазир.  

Кобани ва Африн Сурия шимолидаги Курдистон Ишчилар партияси (КИП) ва Сурия курдларининг Халқ ўзини-ўзи мудофаа кучлари (ХЎМК) фаолияти кузатилаётган шаҳарлар бўлиб, Туркияда тақиқланган ва террорчилик ҳаракати ҳисобланади.  

“Бизда далиллар КИП ва ХЎМКга ишора қилмоқда”, деб қўшимча қилди вазир. 

Истанбул губернатори Али Ерлиққоя Twitter’дан маълум қилишича, 50 нафар жабрланувчи даволаниб, шифохоналардан чиқарилган, 31 киши ҳамон шифокорлар назоратида. Ҳужум оқибатида жами 81 киши тан жароҳати олган.  

“Реанимацияга ётқизилган бешта жабрланувчидан икки нафарининг аҳволи ҳамон оғир”, дея қўшимча қилди у. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 ноябрь куни тушдан кейин Истанбулнинг Бейўғли туманидаги сайёҳлар гавжум ва машҳур Истиқлол кўчасида кучли портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 80 дан ортиқ киши жароҳатланган. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған аввалроқ воқеада террор изи борлигини айтган эди. Кейинроқ республика вице-президенти Фуат Ўктай портловчи қурилмани аёл киши ишга туширганини айтди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбулдаги портлаш

Баҳолаганлар

363

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг