Истанбулда портлаш. 6 ўлик, 53 ярадор бор
Олам
−
13 Ноябрь 2022
20677Туркиянинг энг катта шаҳарларидан бири Истанбулнинг Бейўғли туманидаги Истиқлол кўчасида соат 16:13 да портлаш содир бўлди. Ҳудудга кўп сонли соғлиқни сақлаш ва полиция гуруҳлари юборилди.
Портлаш овози Бешиктош ва Шишлидан эшитилган.
Истиқлол кўчаси полиция томонидан кириш ва чиқиш учун ёпилган. Портлаш вақтида кўчада бўлганлар ҳудуддан эвакуация қилинган.
Кўчадаги кўплаб дўконларнинг ойналари синган. Портлаш таъсиридан саросимага тушган фуқаролар атрофдаги дўконларга беркинган.
“Истиклал кўчасида содир бўлган портлашда дастлабки маълумотларга кўра 4 киши ҳаётдан кўз юмди, 38 киши тан жароҳати олди. Ярадорларимиз даволанмоқда. Ҳаётдан кўз юмганларга Аллоҳдан раҳмат, жароҳатланганларга эса тезроқ соғайишини тилаб қоламиз. Ўзгаришлар ҳақида жамоатчиликка маълум қилинади”, дейди Истанбул ҳокими Али Ерлиқоя.
Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳужум ҳақида берган баёнотида, тергов-суриштирув гуруҳлари воқеа жойида фаолият олиб бораётганини маълум қилди.
“Туркияни террор билан эгаллашни истаганлар муваффақиятга эриша олмайди. Бизга етиб келган сўнгги маълумотларга кўра, 6 киши ҳалок бўлган, 53 киши жароҳатланган”, дейди Эрдўған.
Истиқлол кўчаси майдонидаги портлаш сабабли Истанбул Бош прокуратураси томонидан тергов ишлари бошланди.
Терговга 5 нафар прокурор тайинланди. Бундан ташқари, Истанбул Жиноят Суди томонидан портлаш билан боғлиқ барча визуал ва аудио хабарлар ва ижтимоий тармоқ сайтлари учун трансляция тақиқи чиқарилди.
“Истанбулдаги портлаш билан боғлиқ ҳолда дастурларга тақиқ жорий этилди. Бу барча оммавий ахборот воситаларимиз эътиборига ҳавола этилади”, дейилади Радио ва телевидение Олий Кенгаши томонидан берилган баёнотда.
Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу ва Адлия вазири Бекир Бўздоғ Бейўғли туманидаги Истиқлол кўчасидаги портлашдан сўнг Истанбулга йўл олди.
LiveБарчаси