Туркий давлатлар муаммоларни ҳал қилиш учун бирлашиши керак – Чавушўғли
Олам
−
11 Январь 2022
7077Қозоғистондаги барқарорлик ва хавфсизлик нафақат туркий тилли давлатлар, балки бутун дунё учун муҳим. Қозоғистонда мавжуд муаммоларни енгиш учун барча имкониятлар ва тажриба мавжуд. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли бугун, 11 январь куни Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирларининг Қозоғистондаги вазиятга бағишланган видеоконференция орқали ўтказилган навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилди.
Йиғилиш иштирокчилари Қозоғистондаги тартибсизликлар чоғида ҳалок бўлганлар хотирасига бир дақиқа сукут сақлашди.
Чавушўғлининг айтишича, Туркия Қозоғистондаги воқеаларни диққат билан кузатган.
“Биз Қозоғистондаги вазият барқарорлашганидан мамнунмиз. Мамлакатимиз қардош Қозоғистонни қўллаб-қувватлашга тайёр. Туркий давлатлар муаммоларни ҳал қилиш учун бирлашиши керак. Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатларимиз тараққиёти ва фаровонлиги учун энг яхши платформадир”, деган Туркия вазири.
Дипломатия раҳбари Қозоғистондаги фожиали воқеалар ташкилотга аъзо барча мамлакатлар жамоатчилигини чуқур ларзага солганини таъкидлаган. Чавушўғли, “Турк дунёси катта оила, мамлакатларимиз бир бутуннинг бир қисмидир”, деган.
Туркия Ташқи ишлар вазири туркий дунёни инсон танаси билан қиёслади:
“Жароҳат билан бутун тана оғриётганидек, Қозоғистондаги воқеалар ҳам Туркияни катта қайғуга солди”.
Чавушўғли қозоқ халқининг буюк шоири Абай Кунанбоевнинг “Бирликка йўл – бирдамлик! ” деган сўзларини келтирди.
Вазир туркий дунёда, жумладан, иқтисодий соҳада алоқаларни ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди.
“Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги товар айланмаси тез орада мамлакатларимиз ўртасидаги умумий савдо ҳажмининг 10 фоизини ташкил қилиши керак”, деган вазир.
Чавушўғли бугунги йиғилишдан сўнг, Туркий давлатларнинг Қозоғистон билан бирдамлигини акс эттирувчи муштарак баёнот қабул қилинишини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь