Қиличдорўғлининг Россияга айбловлари сабаб Туркияда рус сайёҳлари камайди – Чавушўғли
Олам
−
18 Май 2023
7288Россияга қарши баёнотлар орқали Ғарбни хурсанд қилмоқчи бўлган алоҳида мухолиф сиёсатчиларнинг гапларидаги популизм мамлакатимизга зарар етказмоқда. Бундай баёнотлар зарарини фермерлар, туризм соҳаси ва экспортчилар ҳис қилмоқда. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Анталияда мухолифатдан президентликка номзод Камол Қиличдорўғлининг Москвага қарши чеклов режимини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларига изоҳ бераётиб айтиб ўтди.
“Россия Федерациясига қарши санкциялар Туркияга ва тўғридан-тўғри Анталия аҳолисига қандай фойда келтиради? Россияга қарши ваъда берганлар туризм ва экспортчилар ҳақида ўйлаяптими? Баъзида одамлар менга савол беришади: ташқи сиёсат оддий фуқароларга қандай таъсир қилади? Аниқ бир мисол бор”, дейди Чавушўғли.
Унинг сўзларига кўра, [Қиличдорўғлининг Россияга қарши баёнотлари туфайли] бугун Россиядан сайёҳлар оқими камайган, уларнинг бир қисми сайловларнинг иккинчи босқичидан кейинги даврга Туркияда дам олиш режаларини кечиктирмоқда.
“Дон йўлаги” мавзусига тўхталган Чавушўғли, давом этаётган уруш ва денгиз миналари туфайли 6 та турк юк кемаси ўз ватанига қайта олмаганига диққат қаратди.
“Бир кун аввал россиялик ҳамкасбим Сергей Лавровга бу ҳақда қўнғироқ қилдим. Россия томони турк кемаларининг Николаев ва Олбия портларидан ўтиши масаласида қўллаб-қувватлашга ваъда берди. Украиналик дўстлардан ҳам худди шундай муносабатни кутамиз”, дейди турк вазири.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Камол Қиличдорўғли Россияни Туркиядаги президентлик сайлови арафасида ижтимоий тармоқларда сохта материаллар тарқатганликда, шунингдек, сайлов жараёнларига аралашувда айблаганди. Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков эса унинг айбловини қатъиян рад этиб, бундай маълумотлар ёлғончилар томонидан тарқатилаётганини таъкидлади.
LiveБарчаси