Қиличдорўғли Россияни огоҳлантирди
Олам
−
12 Май 2023
21640Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг сайловдаги асосий рақиби Камол Қиличдорўғли Россияни президентлик сайлови арафасида ижтимоий тармоқларда сохта материаллар тарқатганликда айблаб, огоҳлантирди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter’даги саҳифасида ҳам турк, ҳам рус тилларида ёзиб қолдирди.
Ижтимоий сўровларга кўра, узоқ йиллик раҳбар Эрдўғандан бироз устунликка эга бўлган Қиличдорўғли қайси материалга ишора қилганига аниқлик киритмаган.
“Қадрли рус дўстлар, кеча бу мамлакатда фош қилинган монтажлар, фитналар, Deep Fake контенти ва ёзувлар ортида сиз турибсиз. 15 майдан кейин ҳам дўстлигимизни давом эттирмоқчи бўлсангиз қўлингизни турк давлатидан узоқ тутинг. Биз ҳамон ҳамкорлик ва дўстлик тарафдоримиз”, деб ёзган Қиличдорўғли.
Россия расмийлари эса ҳозирча изоҳ бермаган.
Таъкидлаш жоизки, Москва ва Анқара яқин алоқаларга эга ва Россия Туркиянинг энг йирик энергия етказиб берувчиси ҳисобланади. Президент Владимир Путин ва Эрдўған энергиядан тортиб Украина ва Суриядаги урушларгача бўлган мавзуларда тез-тез музокаралар ўтказади.
14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик ва парламент сайловлари олдидан ўтказилган шиддатли кампанияда Эрдўған ва Қиличдорўғли лагерлари сиёсий арбоблари бир-бирини интернетдаги айбловлар, жумладан, видео ва фотосуратлар эълон қилинганидан шикоят қилган.
LiveБарчаси