Байден маъмурияти F-16 қирувчиларини Туркияга бериш тарафдори бўляпти

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Туркияга F-16 қирувчи самолётларини сотиш ва Туркия Ҳарбий-ҳаво кучларининг бундай самолётларни модернизация қилиш дастурини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда бугун, 20 февраль куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Туркиялик мавқедоши Мавлуд Чавушўғли билан Анқарада ўтказган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди. 

“Байден маъмурияти модернизация дастурини ва янги F-16 қирувчи самолётларини етказиб беришни қатъий қўллаб-қувватлайди. Чунки Туркиянинг НАТОдаги ҳамкори ва иттифоқчиси сифатида хавфсизлиги бизнинг миллий манфаатларимиз ва альянс хавфсизлиги манфаатларига мос келади”, дейди у.  

Блинкен, маъмурият бу масалада АҚШ Конгресси билан иш олиб бораётганини билдирди. 

“Туркия ва АҚШ ўртасида хавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорлик соҳасида “узоқ муддатли алоқалар” мавжуд”, дея қўшимча қилди дипломат. 

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли, ўз навбатида, Анқара Қўшма Штатлар Туркия мудофаа саноатига қўйган чекловларни тез орада олиб ташлашига умид қилаётганини айтди. 

“Ҳарбий муносабатларимиз стратегик ҳамкорлигимизнинг муҳим жиҳати ҳисобланади. Бироқ бир томонлама санкциялар туфайли мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик қилишда қийинчиликларга дуч келмоқдамиз. Энди уларни бартараф этиш керак. Биз санкциялар имкон қадар тезроқ олиб ташланишини кутамиз. Биз F-16 лар билан боғлиқ охирги ҳолатни муҳокама қилдик. АҚШ маъмурияти бизнинг илтимосимизни қаттиқ қўллаб-қувватлайди. Бу жараён тезроқ якунланишидан икки томон ҳам манфаатдор. АҚШ Конгресси ҳам буни қўллаб-қувватлашини кутамиз”, дейди у.

Туркия ҳаво кучлари билан хизмат қиладиган самолётларини модернизация қилиш учун 40 та F-16 Block 70 қирувчи самолёти ва 80 та Block 70 тўпламларини олмоқчи. Анқара Россиянинг С-400 зенит-ракета комплексларини сотиб олиши муносабати билан бешинчи авлод F-35 қирувчи-бомбардимончи самолётларини ишлаб чиқариш бўйича Америка дастуридан чиқариб ташланганидан кейин F-16 ни сотиб олиш истаги борлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия F-16 Мавлуд Чавушўғли Энтони Блинкен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг