“Тулуза” вингери ирқчиликда айбланмоқда
Спорт
−
21 Ноябрь 1236 2 дақиқа
Франциянинг “Тулуза” клуби вингери Арон Дённум ирқчилик ҳаракатида айбланиб, расмий равишда дастлабки тергов остига олинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Тергов жорий йилнинг 2 ноябрь куни бўлиб ўтган Ligue 1 учрашувида содир бўлган воқеа билан боғлиқ. Мазкур баҳсда Дённум “Гавр” клубининг камерунлик ярим ҳимоячиси Симон Эбоногга қилган имо-ишораси боис ирқчиликда айбланмоқда. Футболчи эса бу ҳаракатини ирқчилик билан боғлашни қатъиян инкор қилган.
“Адлия тизими барча ирқчилик хатти-ҳаракатларини қатъий таъқиб қилади. Адлия вазири яқинда умумий республика қадриятларига путур етказувчи ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш зарурлигини яна бир бор таъкидлади”, дейди Тулуза прокурори Давид Чарматс.
“Гавр” бош мураббийи Дидье Дигар эса ўйиндан сўнг Дённумнинг ҳаракатларини кескин танқид қилди:
“Бошқа қандай талқин бўлиши мумкин? Кимдир бу ирқчилик эмас деса, унда бу нима?”, дейди мураббий.
Ўйиндан кейин Дённум ўзининг ҳаракати “ирқчиликка ҳеч қандай алоқаси йўқлигини” билдирди. “Тулуза” клуби ҳам баёнот эълон қилиб, футболчи манзилига қаратилган “асоссиз айбловларни қатъий рад этишини” таъкидлади. Мазкур воқеа юзасидан LFP Интизом комиссияси тез кунларда якуний қарор чиқариши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Барселона Апелляция суди “Барселона” клуби президенти Жоан Лапортага нисбатан 100 минг евролик фирибгарлик иши бўйича тергов бошлашни буюрган эди.
Live
Барчаси