Тўқаев Мирзиёевни референдум муваффақиятли ўтгани билан табриклади
Жамият
−
01 Май 2023
3545Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан 1 май куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари ва йирик кооперация лойиҳаларининг бориши муҳокама қилинди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев жорий йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан дилдан қутлади.
Мирзиёев, ўз навбатида, Қозоғистон етакчиси ва қардош халқини давлат байрами – Бирдамлик куни билан самимий табриклади.
Мулоқот чоғида давлат раҳбарларининг қарорларини ўз навбатида амалга ошириш, энг аввало, устувор тармоқлардаги кооперация дастурларини тайёрлаш ва бажариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу муносабат билан ҳукуматларга шу ҳафта Тошкент шаҳрида ўтадиган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши давомида қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан чора-тадбирлар кўриш топширилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.