Туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини енгиллаштириш нега кечикяпти?
Жамият
−
12 Сентябрь 2020
5511Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йилнинг 27 июнь куни имзоланган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маълумот тақдим этмаганлик ёки нотўғри маълумот тақдим этганлик, шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарликни белгилаш тўғрисида таклифлар киритиши белгиланган эди.
Шунингдек, Президентнинг 2019 йил 13 декабрда қабул қилинган “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2020 йилнинг май ойигача Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Адлия вазирлиги туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо турларини тайинлашни бекор қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаши белгиланган эди. Бироқ, орадан шунча вақт ўтса ҳам бу масалалар қандай ҳал этилгани, қандай таклифлар берилганию натижаси нима бўлгани жамоатчиликка, жумладан оммавий ахборот воситаларига ҳам қоронғулигича қолмоқда.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комилжон Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиёева кеча ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида айнан шу масала ҳақида сўз очгандилар. Шу куннинг ўзида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондида журналистлар ва блогерлар тўпланиб, ушбу масалани атрофлича муҳокама қилдилар.
Оммавий ахборот воситаларини қийнаётган муаммолар, журналистларга нисбатан босим ва таҳдид, тазйиқлар борасида фикр алмашилди. Алламжонов пандемия даврида нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда журналистларга нисбатан босим ортганини айтди. “Шунинг учун ҳам халқаро ташкилотлар кўплаб давлатларга пандемиядан фойдаланиб, ОАВнинг овозини ёпишга ҳаракат қилманг, деган чақириқ билан чиқди”, дейди у.
Сўнгги йилларда мамлакатда матбуот ва сўз эркинлигига бўлган эътиборни алқаш баробарида мавжуд камчиликларни ҳам кўздан қочириб бўлмайди. Давлат раҳбари ўз чиқишларида орқага йўл йўқлиги ва Янги Ўзбекистоннинг бу борадаги иродаси мустаҳкамлини айтмоқда. Бунда эса оммавий ахборот воситалари ўзининг ҳуқуқ ва эркинлиги учун энг аввало ўзи курашиши кераклигини англатади. Фонд йиғилишида айнан шу хусусида сўз борди. Алламжонов бу ҳақида ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида шундай ёзади:
“Фондимизда журналист ва блогерлар билан учрашиб, туҳмат ва ҳақорат учун журналистларни озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасини енгиллаштириш, журналистларга тазйиқ ва босим ўтказганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги механизмини кучайтиришга оид Президент қарорларида белгиланган масалаларни муҳокама қилдик.
Ҳамкасбларимиз бир овоздан ушбу масалаларни қўллаб-қувватладилар ва фикр-таклифларини бердилар.
Барча таклифларни умумлаштириб, Фонд номидан тез кунда АОКА ва Адлия вазирлиги ишчи гуруҳига тақдим этамиз. Бевосита соҳа вакилларининг фикри инобатга олинса, механизмлар янада аниқ, нуқсонсиз ишлайди, деган умиддамиз”.
Учрашувда мамлакатнинг энг кўзга кўринган оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ва вакиллари – Гулноза Ҳусанова (UzReport), Сурен Сапов (Gazeta.uz), Муҳрим Ағзамхўжаев (Daryo.uz), Хушнудбек Худойбердиев (ЎзА), Мақсуджон Асқаров (Kun.uz), Қамариддин Шайхов (Qalampir.uz) иштирок этиб, фикр билдирди.
Gazeta.uz раҳбари Сурен Сапов оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳим эканини, шунингдек, мамлакатда ОАВга доир масалаларда тажрибага эга адвокатларга эҳтиёж катталигини таъкидлади.
Qalampir.uz раҳбари Қамариддин Шайхов ҳам сўз олиб, шундай деди:
“Албатта, АОКА ва Адлия вазирлиги Президент қарорида келтирилган масалалар бўйича таклифларни ўз вақтида бериши керак. Аммо, мен масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратмоқчиман. Айтилганидек, бугунгача туҳмат ва ҳақорат билан ҳеч бир журналист қамалмаган. ОАВга ёки журналистга тазйиқ ўтказадиган одам эса буни ўз қўли билан қилмайди. Балки ўртада воситачи бўлиши аниқ.
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маълумот тақдим этмаганлик ёки нотўғри маълумот тақдим этганлик, шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарликни белгилаш борасида ҳам жавобгарликни кимга белгилашни аниқ қилиб олиш керак. Агар жавобгарлик ташкилот матбуот котибига тушса, у ОАВ билан ҳамкорлик қилишни, ахборот беришни истасаю лекин раҳбарияти бунга тўсқинлик қилса, яна ўртадаги воситачи – матбуот котиби айбдор бўлиб қолади. Мансабдорларга эса матбуот котибини ўзгартириш иш эмас. Шунинг учун бунда ташкилот раҳбари ё ўринбосари даражасида жавобгарликни назарда тутилса, натижага эришиш мумкин”.
Йиғилишда барча фикрлар умумлаштирилиб, фонд томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига юборилиши айтилди.
LiveБарчаси