ЦАХАЛга Ғазо аҳолисининг чиқиб кетиш режасини тайёрлаш топширилди
Олам
−
07 Февраль 3793 2 дақиқа
Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац мамлакат армиясига Ғазо аҳолисига Фаластин ҳудудини ихтиёрий равишда тарк этиш ва уларни қабул қилишга тайёр бўлган исталган мамлакатга жўнаб кетиш имконини берувчи режа ишлаб чиқишни топширди. Бу ҳақда у ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.
“Режа ер орқали чиқиш нуқталарини ўз ичига олади, шунингдек, денгиз ва ҳаво орқали чиқиш учун махсус механизмлар яратилади. Испания, Ирландия, Норвегия ва бошқа давлатлар Исроилни Ғазодаги ҳаракатлари учун асоссиз равишда айблаган. Улар қонунан Ғазо аҳолисини ўз ҳудудларига киритиш мажбуриятига эга ва агар рад этишса, уларнинг иккиюзламалиги фош бўлади. Шу билан бирга, Канада каби муҳожирлик дастурига эга давлатлар аввал Ғазо аҳолисини қабул қилишга тайёрлигини билдирган”, дейди у.
Шунингдек, вазир Ғазо аҳолиси бутун дунёдаги одатга кўра, эркин ҳаракатланиш ва миграция қилиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини таъкидлаган.
“Мен Президент Дональд Трампнинг жасоратли ташаббусини қўллаб-қувватлайман. Бу ташаббус Ғазо аҳолисининг чиқиб кетишини таъминлаш, уларни қабул қилувчи давлатларда жойлаштириш ва ҲАМАСдан кейинги демилитаризацияларга, таҳдидсиз Ғазони қайта тиклаш йўлида узоқ муддатли ҳаракатларга ёрдам беради — бу эса кўп йилларни талаб қилади”, деб қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 февраль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяхуни қабул қилиб, Ғазо аҳолисининг келажаги ҳақида бир қатор баёнотлар берганди. Нетаньяху билан музокаралар олдидан журналистларга берган интервьюсида Трамп фаластинликларни Ғазодан зўравонликдан қўрқмасдан яшашлари мумкин бўлган жойларга доимий равишда кўчириш ғоясини қўллаб-қувватлашини айтган. Бинямин Нетаньяхуни Оқ уйда кутиб олган Трамп ўзи ва унинг жамоаси Ғазо аҳолисини жойлаштириш имкониятларини Иордания, Миср ва минтақадаги бошқа давлатлар билан қайта муҳокама қилаётганини айтган.
Бу режага кўплаб мамлакатлар салбий фикр билдирганди, хусусан, Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) йиғилишида ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазода аҳолининг мажбурий кўчирилиши ҳақидаги ташаббусига жавобан ушбу ҳудудда этник тозалашнинг олдини олиш зарурлигини таъкидлаган. Нидерландия Ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп эса АҚШ Президенти Дональд Трамп илгари сурган таклифга муносабат билдириб, Ғазо секторининг АҚШ назоратига ўтиши Нидерландия учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ғоя эканини айтган.
Live
Барчаси