Трампда қон томири билан боғлиқ касаллик аниқланди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трампда оёқларидаги енгил шишлар фонида “доимий веноз етишмовчилиги” (chronic venous insufficiency, CVI) аниқланди. Бу ҳақда бугун, 18 июль куни Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Трамп сўнгги ҳафталарда оёқларида енгил шишни пайқаган ва тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилган. Текширув натижалари CVI ташхисини кўрсатган. Бу, Ливитт таъкидлаганидек, хавфсиз ва 70 ёшдан ошганлар орасида кенг тарқалган ҳолатдир. Трамп ҳозирда 79 ёшда.

16 июль куни Трампнинг Баҳрайн валиаҳд шаҳзодаси Салмон бин Ҳамад ал-Халифа билан учрашуви чоғида оёғида шиш мавжудлиги акс этган сурат тармоқларда тарқалди ва бу ҳам одамларда унинг соғлиғи борасидаги қизиқишни янада оширди. Бунгача эса Трампнинг ўнг қўлидаги кўкариш ва шишлар акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда турли миш-мишларга сабаб бўлганди. Ливитт бу ҳолатни “қўл бериб кўп кишилар билан кўришиш” ва “аспирин қабул қилиш” билан изоҳлади. Маълумки, Трамп юрак хуружи ва инсульт хавфини камайтириш учун аспирин қабул қилади.

Президент шифокори Шон Барбабелланинг Оқ уй эълон қилган мактубига кўра, Трамп умумий тиббий кўрикдан ўтказилган: қон таҳлиллари, юрак эхокардиографияси ва бошқа текширувлар ҳам нормал чиққан. Унда тромб ёки артерия муаммолари аниқланмаган. 

“Президент Трамп ҳали ҳам ажойиб даражада соғлом”, деб ёзган Барбабелла.

Жонс Хопкинс тиббиёт марказининг маълумотларига кўра, CVI – бу оёқ томирлари қонни юракка қайтаришда қийналиши билан тавсифланадиган ҳолат бўлиб, инсонга жиддий тиббий хавф солмайди. Стэнфорд университети тиббиёт мактаби эса CVI натижасида оёқларда шиш, ноқулайлик ва жиддий ҳолларда яллиғланишли яралар пайдо бўлиши мумкинлигини қайд этади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг