Трамп Зеленскийни танқид қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина Президенти Владимир Зеленскийни Россия билан жанг қилиш қарори учун танқид қилди. Бу ҳақда “Fox News” хабар берди.

“Украина Президенти Владимир Зеленский Россия билан уруш бошланишига йўл қўймаслиги керак эди, лекин у каттароқ давлат билан курашишга қарор қилди. Зеленский анча каттароқ ва кучлироқ мавжудотга қарши курашмоқда. У бундай қилмаслиги керак эди, чунки биз келишувга эришишимиз мумкин эди”, деган Трамп.

Унинг сўзларига кўра, Россия ҳам Украинадаги урушни тугатиш учун “келишувга эришмоқчи.

“Эшитишимга қараганда, Россия Президенти Владимир Путин мен билан учрашишни хоҳлаяпти. Биз имкон қадар тезроқ учрашамиз. Менга қолса дарҳол учрашардим. Биз учрашмаган ҳар куни аскарлар жанг майдонида ҳалок бўляпти”, деди Оқ уй раҳбари.

Сайлов кампанияси давомида Трамп Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳаракатларга йўл қўймаслиги кераклигини айтган эди. Ўтган йилнинг октябрь ойи ўрталарида у Украина Президентини ўзи кўрган “энг яхши сотувчи” деб атади.

“Бунча пулни [АҚШдан] яна ким олган? Олдин ҳеч қачон бунақа бўлмаган. Ва бу мен унга ёрдам беришни хоҳламайман дегани эмас. Чунки бу одамларга ачинаман. Аммо у уруш бошланишига йўл қўймаслиги керак эди. Бу урушда ҳеч ким ғалаба қозонмади”, деди у.

Бир кун аввал Зеленский Россия Президенти Владимир Путин билан урушни тўхтатиш бўйича тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришга тайёрлигини айтганди. Бироқ, бунинг шарти – АҚШдан Киевга хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш. Унинг сўзларига кўра, бу НАТОга аъзо бўлиш ёки мамлакатда Ғарб “тинчликпарвар кучлари”нинг мавжудлиги бўлиши мумкин. Агар шундай контингент юборилса, Зеленскийга кўра, АҚШ унда иштирок этиши керак.

2024 йилнинг июнь ойида Путин тинчлик музокараларини бошлаш шартларини илгари сурди. Улар орасида Украина армиясининг Луганск, Донецк, Запорожье ва Херсон вилоятларининг ишғол қилинмаган қисмларидан олиб чиқилиши, Киевнинг НАТОга аъзо бўлишдан расман воз кечиши, Украинанинг ядро қуролидан холи мақомининг тасдиқланиши, мамлакатнинг “демилитаризацияси” ва “денацификацияси”, шунингдек, Ғарбнинг Россияга қарши барча санкцияларини бекор қилиш кабилар бор эди.

Ноябрь ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида Трамп ғалаба қозонганидан сўнг, Путин икки марта АҚШнинг янги Президенти билан Украина бўйича музокараларга тайёрлигини маълум қилди, бироқ “тенг ва ўзаро ҳурмат асосида” мулоқот ўрнатишга чақирди. Трамп, ўз навбатида, агар Путин Украинага қарши урушни тўхтатмаса, Россияга қарши санкцияларни кучайтириш, жумладан, Россия товарлари экспортига тўлиқ эмбарго қўйиш билан таҳдид қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили, истеъфодаги генерал Кит Келлогга Россиянинг Украинага қарши урушини 100 кун ичида тугатишни буюрганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Дональд Трамп Путин Владимир Зеленский танқид

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг