Трамп яна бир миллиардерни ҳукумат таркибига қўшмоқчи
Олам
−
10:54
2442АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Мудофаа вазири ўринбосари лавозимига миллиардер Стивен Файнберг номзодини илгари сурмоқда. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилган.
Трампнинг таъкидлашича, 2017 йилдан 2021 йилгача бўлган президент сифатидаги биринчи муддати давомида тадбиркор разведка маслаҳат кенгашида ишлаган.
“Стивен Файнберг Мудофаа вазирининг ўринбосари бўлиб ишлайди ва Пентагонни яна буюк қилишга ёрдам беради. Жуда муваффақиятли бизнесмен, Стивен Принсетон битирувчиси бўлиб, у ўзининг Cerberus компаниясига 1992 йилда асос солган”, дея ёзган Трамп.
Маълумот учун, Файнберг хусусий инвестиция компания Cerberus Capital Management LP'нинг асосчилари ва директорларидан бири. “Reuters” хабарига кўра, фирма мудофаа пудратчиларига ҳам сармоя киритади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп “Fox News” телеканали бошловчиси Пит Хегсетни АҚШ Мудофаа вазири лавозимига номзод қилиб кўрсатганди. Шунингдек, Трамп Теsla, SpaceX ва X ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маскни ҳукумат самарадорлигини ошириш ва бюрократияга қарши курашиш билан шуғулланадиган янги идорага раҳбарлик қилишини эълон қилган.