Трамп ва Ҳаррис сайловга бир ҳафта қолганда муҳим чиқишлар қилди
Олам
−
30 Октябрь
4846Бугун, 30 октябрь куни Вашингтон шаҳрида АҚШ вице-президенти ва жорий йилнинг 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Демократик партиядан кўрсатилган номзод Камола Ҳаррис сайлов жараёнларига бир ҳафта қолганда нутқ сўзлади. Бу ҳақда BBС хабар берди.
“Хайрли кеч, Америка! Бир ҳафта ичида сиз ҳаётингизга, оилангиз ҳаётига ва биз севадиган ушбу мамлакат келажагига бевосита таъсир қиладиган қарор қабул қилиш имкониятига эга бўласиз”, деди у нутқининг бошида.
У олдиндаги сайловлар – “шунчаки икки партия ва икки турлича номзодлар орасида танлов қилишдан каттароқ нарса” эканини таъкидлаган.
Митинг ўтказиладиган жой тасодифан танланмаган – у Оқ уй ёнида жойлашган ва Эллипс парки номи билан машҳур. У ерда, 2021 йил 6 январда унинг сайловдаги рақиби, республикачи Дональд Трамп ўз тарафдорлари билан суҳбатлашган ва уларнинг баъзилари Капитолийга бостириб кирган.
Ҳарриснинг сўзларига кўра, Трамп “тахминан тўрт йил олдин айнан шу жойда туриб, эркин ва адолатли сайловда халқнинг иродасини йўқотиб қўйганини билиб, қуролли тўдани Капитолийга юборган”.
У сайловдаги рақибини “беқарор, қасос ва нафратга берилиб кетган ҳамда чексиз ҳокимиятга чанқоқ одам” деб таърифлаган.
Ҳарриснинг сайловолди кампанияси тақдим этган ҳисоб-китобларга кўра, митингда 75 мингдан ортиқ одам қатнашган.
Айни бир вақтда Республикачи партиядан президентликка номзод – Дональд Трамп сайлов натижасини ҳал қиладиган муҳим штатлардан бири бўлган Пенсильвания штатининг Аллентаун шаҳрида сайловолди ташвиқотини ўтказди.
“Сиз ҳозир тўрт йил олдингидан яхшироқ яшаяпсизми?”, дея ўз чиқишини бошлаган собиқ президент.
У ўзининг агар Оқ уйга қайтадиган бўлса, инфляция ҳамда АҚШга мигрантлар “босқинини тўхтатиш” ҳақидаги ваъдаларини такрорлаган.
“Камола бизни шарманда қилди. Кейинги сешанбада сиз ўрнингиздан туришингиз ва Камолага тўйганингиз ва ортиқ бунга чидамоқчи эмаслигингизни айтишингиз керак”, деган у.
Трамп кенг кўламли митингини якшанба куни ўтказиб бўлганди – у Манхэттен юрагидаги машҳур Мэдисон-сквер-гарденда чиқиш қилган, бу ерга уни қўллаб-қувватлаш учун миллиардер Илон Маск ва бошқа машҳурлар келганди.
Митинг можаросиз кечмади – тадбирда чиқиш қилган қизиқчи Тони Ҳинчклифф Пуэрто-Рикони “сузувчи чиқинди ороли” деб атади ва бу республикачилар томонидан ҳам, демократлар томонидан ҳам танқидга учради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп сайловда ғалаба қозонса, АҚШ ҳукумати доллардан воз кечган ҳар қандай давлат товарларига нисбатан 100 фоизлик бож жорий қилишини айтганди.
LiveБарчаси