Трамп президент бўлса, доллардан воз кечмоқчи бўлганларни жазоламоқчи
Олам
−
16 Октябрь
4051Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп сайловда ғалаба қозонса, АҚШ ҳукумати доллардан воз кечган ҳар қандай давлат товарларига нисбатан 100 фоизлик бож жорий қилишини айтди. Бу ҳақда "Bloomberg" хабар берди.
"Биз АҚШ долларини жаҳон захира валютаси сифатида сақлаб қоламиз ... мен (долларда ҳисоб-китоб қилишдан бош тортадиган мамлакатларга) айтаман: Агар сиз доллардан воз кечсангиз, АҚШ билан ишлай олмайсиз, чунки сизнинг маҳсулотларингизга 100 фоизлик тарифларни киритамиз", дейди Трамп.
У бир неча бор АҚШнинг тариф сиёсатини Хитой ва баъзи ҳолларда Европа Иттифоқига нисбатан қатъийлаштиришга ваъда берган. Трамп уларни АҚШга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлиш ва эркин савдо қоидаларини бузишда айблайди. Сиёсатчининг 2017-2021 йиллардаги биринчи президентлик муддати давомида АҚШ ҳам Хитой, ҳам Европа товарларига тарифлар киритди.
Нашрнинг ёзишича, АҚШда BRICS давлатларининг савдода ва гуруҳ ичидаги бошқа иқтисодий операцияларда доллардан тўлиқ воз кечишини олдини олиш имкониятлари кўриб чиқилган. Эҳтимолий чоралар сифатида экспорт назорати ва (АҚШ томондан) валюта курсини манипуляция қилиш айблови санаб ўтилган. Бу божхона йиғимларини жорий қилиш учун асос бўлиши мумкин.
Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида расмий валюта ҳисоб-китобларининг 59 фоизи АҚШ валютасига тўғри келган бўлса, иккинчи ўринда евро деярли 20 фоиз улуш билан турибди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трампнинг сайловолди ташвиқоти митинги яқинида қуролланган одамни қўлга олгани ҳақида хабар берилганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси