Трамп ўзини танқид қилган ОАВларни судга берди
Олам
−
16 Ноябрь
2401АҚШ президентлигига сайланган Дональд Трамп мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари унга қарши чиққанини айтди ва судга “New York Times”, CBS каби нашрлар устидан миллиардлаб доллар миқдорида даъво аризалари киритди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Дональд Трамп судга мурожаат қилиб, ўзига қарши бўлган нашрлар ва медиа компанияларига қарши даъво аризаларини тўплаган. Бу ишлар Трампнинг кейинги президентлик муддати давомида оммавий ахборот воситаларининг эркинлигига қандай таъсир қилиши ҳақида хавотирларни кучайтирмоқда. Трамп ўтган ҳафта ўзининг ғалаба нутқида ОАВни “душман лагери” деб атаган.
Трампнинг адвокати Эдвард Эндрю сайланган президент “New York Times” ва бошқа нашрларга 10 миллиард доллар талаб қилган мактубини жўнатганини ошкор қилди. Мактубда Трампга қарши танқидий мақолалар ёзган журналистлар, жумладан Петер Бакер, Майкл Шмидт, Сусанне Сраиг ва Русс Буэттнер ҳақоратли ва ёлғон маълумотлар тарқатишда айбланган.
Трамп мактубда “New York Times”ни “Демократик партиянинг овози” деб атаган ва уни “сиёсий рақибларига қарши саноат даражасидаги туҳматларни амалга оширувчи” сифатида танқид қилган. Трампнинг ҳуқуқшунослари нашрни Трампнинг исмини, шу жумладан, унинг муваффақиятли брендини обрўсизлантиришда айблаган.
Шунингдек, CBS ҳам Трампнинг ҳуқуқшунослари томонидан судга берилган. Трамп жамоаси октябрь ойида CBS каналида Камола Ҳаррис билан ўтказилган интервьюни “сайловларни манипуляция қилиш” ва “қонунбузарлик” деб атаган.
Трампнинг оммавий ахборот воситаларига қарши кураши ва журналистларга қарши қўзғатилган таҳдидлар бу йилги сайловдан сўнг глобал хавотирларни кучайтирди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (SPJ) ва чегара билмас мухбирлар (RSF) бу ҳодисани журналистларнинг эркинлигига жиддий таҳдид сифатида баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Washington Post” нашри АҚШ сайловчилари мамлакат тарихидаги энг ёмон президент танлови олдида қолгани ҳақида хабар берганди. Нашр АҚШнинг республикачилар партияси номзоди Дональд Трампни “хаёл ва истерикалар вулқони” сифатида тавсифлаган. Унинг рақиби, мамлакат вице-президенти Камола Ҳаррисни эса “пластилин” деб атаган.
Муҳаммад Ҳодиев