Трамп Украина масаласида Путинга қўнғироқ қилди
Олам
−
11 Ноябрь
15463Жорий йилнинг 7 ноябрь куни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путин билан норасмий телефон мулоқоти ўтказди ва суҳбат чоғида Россиянинг Украинага қарши уруши мавзусини кўтарди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларига таяниб Американинг “The Washington Post” газетаси кеча, 10 ноябрь куни хабар берди.
Нашр манбаларига кўра, америкалик сиёсатчининг ўзи Россия раҳбарига Флоридадаги курортидан қўнғироқ қилган. Суҳбат чоғида Оқ уйнинг собиқ раҳбари Россия Президентига Украинадаги урушнинг авж олишини давом эттирмасликни маслаҳат берган ва унга Вашингтоннинг Европадаги муҳим ҳарбий иштирокини эслатган.
Трамп, шунингдек, Владимир Путин билан урушни тезкор ҳал этишни муҳокама қилиш учун кейинги алоқаларга қизиқиш билдирган. АҚШнинг янги сайланган президенти айрим босиб олинган ҳудудлар устидан Россия назоратини сақлаб қолиши вариантини қўллаб-қувватлашини шахсий равишда очиқ айтган ва бу масалани Путин билан суҳбатда ҳам кўтарган.
Нашрнинг қайд этишича, суҳбат расмий бўлмаган – Трампнинг ўтиш даври жамоаси президентга АҚШ Давлат департаменти кўмагида қўнғироқ қилиш имконини берувчи ҳужжатларни ҳали имзолагани йўқ. Бундан ташқари, Трамп ўзининг биринчи муддатидаги қўнғироқлари стенограммалари ошкор қилинганидан кейин ҳукумат амалдорларига ишонмайди.
Худди шу мақолада WP Украина расмийлари Трампнинг Путинга қўнғироқ қилгани ҳақида хабардор қилинганини қайд этади. Исми ошкор этилмаган икки манбага кўра, Киевда бу суҳбатга эътироз билдирилмаган.
“Украина расмийлари Трамп Путин билан Украина масаласини дипломатик йўл билан ҳал қилиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишини анчадан буён тушуниб етди”, деб ёзади нашр.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги WP нашрига жавобан, нашр маълумотлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган.
“Украина томонининг тахминий қўнғироқ ҳақида олдиндан хабардор қилингани ҳақидаги хабарлар ёлғон. Шунга кўра, Украина бу чақирувни маъқуллай олмайди ёки унга қарши чиқа олмайди”, деган вазирликнинг расмий вакили Георгий Тихий “Reuters”га берган изоҳида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Сочидаги “Валдай” халқаро мунозара клубининг 21-йиғилишида республикачи Дональд Трампни АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси билан омма олдида табриклаганди. Путин, шунингдек, Трампнинг Россия билан муносабатларни тиклаш ва Украина инқирозини тугатишга ёрдам бериш истаги ҳақидаги оммавий баёнотларига эътибор қаратганди. Трамп эса NBСʼга берган интервьюсида Путин билан музокараларни қайта бошлаши мумкинлигини маълум қилганди.
LiveБарчаси