Трамп махсус вакили қачон Россияга боришини айтди
Олам
−
04 Август 3371 2 дақиқа
АҚШ Президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф 6 ёки 7 август куни Россия раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш учун Россияга боради. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 3 август куни Пенсильванияда журналистларга маълум қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, Уиткофф ҳозирда бор эътиборини Ғазо секторига қаратган.
“У, эҳтимол, келаси ҳафта, чоршанба ёки пайшанба куни Россияга кетади. Улар уни кўришни исташди, учрашувга таклиф қилишди. Кўрамиз, бундан нима чиқаркан?”, деди Трамп.
Агар Россия Украинада тинчлик ўрнатишдан бош тортса нима бўлади деган саволга Трамп шундай жавоб берди:
“Хўш, санкциялар бўлади. Лекин улар силлиқ ва улар санкцияларни енгиб ўтишда жуда яхши тажрибага эга. Шундай қилиб, нима бўлишини кўрамиз”.
АҚШ Президентининг сўзларига кўра, санкциялардан қочиш учун Москва “одамлар ўлимини тўхтатадиган битим” тузиши керак.
“Биз аллақачон кўплаб мамлакатларни уруш қилишдан тўхтатдик”, деди Трамп Ҳиндистон ва Покистон, Камбоджа ва Таиланд, Конго Демократик Республикаси ва Руандани мисол қилиб келтириб.
Эслатиб ўтамиз, 31 июль куни Трамп Уиткоффнинг Россияга бўлажак ташрифи ҳақида маълум қилган, бироқ у аниқ саналарни айтмаганди. Уиткофф ва Путин аллақачон 11 февраль, 13 март, 11 апрель ва 25 апрель кунлари Россияда музокаралар ўтказган.