Трамп Канаданинг АҚШга қўшилган харитасини эълон қилди
Олам
−
08 Январь
7842АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Америка Қўшма Штатларининг Канада билан бириктирилган харитасини тақдим этди. Харита тасвири унинг Truth Social ижтимоий тармоғида эълон қилинган.
Суратда Америка Қўшма Штатлари ва Канада ҳудуди Америка байроғига бўялган. Трамп пост остида "Оҳ, Канада", дея изоҳ қолдирган.
Кейинчалик у ўз профилига Канада қўшиб олинган Қўшма Штатларнинг бошқа расмини ҳам жойлаштирган, фақат бу сафар "Америка Қўшма Штатлари" сўзлари бутун бирлашган ҳудуд бўйлаб жойлаштирилган.
Ўтган йил ноябрь ойи охирида Трамп Канададан импорт қилинадиган маҳсулотларга 25 фоизлик божлар жорий этилишини эълон қилганди. У шундай фармонни давлат раҳбари сифатидаги биринчи куниёқ имзолашини айтди. Унинг инаугурацияси 20 январга белгиланган. Аввалроқ “Fox News” Трамп Канада Бош вазири Жастин Трюдога агар унинг мамлакати юқори тарифларга бардош бера олмаса, АҚШнинг 51-штатига айланиши кераклигини айтгани ҳақида хабар берган эди.
Бир неча кун олдин эса 53 ёшли Жастин Трюдо Канада Бош вазири ва ҳукмрон Либерал партия етакчилигидан истеъфога чиқишини эълон қилди. Сиёсатчи 6 январь куни Оттавадаги Ридеау Соттаге қароргоҳида мурожаат қилди. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари, шунингдек, парламент иши 24 мартгача тўхтатилишини қўшимча қилди. Трюдо 2015 йилнинг ноябрида Бош вазир лавозимини эгаллаган ва икки марта қайта сайланган. Икки йил аввал юқори нархлар ва уй-жой танқислиги сабабли у аҳолининг ғазабига учраган, кейинроқ вазият юмшай бошлади.
Биринчи президентлик муддати давомида Трамп Данияга Гренландияни сотиб олишни таклиф қилган эди. Бироқ, кейин Копенгаген унинг таклифини кескин рад этди ва мамлакат Бош вазири Метте Фредериксен буни "бемаънилик" деб атади, шунинг учун Оқ уйнинг бўлжак раҳбари ҳатто Данияга сафарини ҳам бекор қилди. 2024 йил 22 декабрда Трамп ушбу мавзуга қайтишга қарор қилди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар бутун дунё бўйлаб миллий хавфсизлик ва эркинликни таъминлаш нуқтаи назаридан Гренландияга эгалик қилиш ва уни назорат қилишни мутлақ зарурат деб ҳисоблайди.
Бу изоҳлардан икки ҳафта ўтиб, кеча, 7 январь куни Трамп ўғли кичик Дональд Трампнинг Гренландияга борди.
Шунингдек, ўтган йилнинг 21 декабрь куни Трамп Панамани Панама каналидан фойдаланганлик учун "бемаъни" юқори тарифлар жорий этишда айблади ва уни АҚШ назоратига қайтаришни талаб қилиш билан таҳдид қилди.
“Канал Америка иқтисодиёти ва миллий хавфсизлигида муҳим роль ўйнайди”, деган Трамп.
У каналнинг нотўғри қўлларга, хусусан, Хитой назорати остида бўлишига йўл қўймаслигини қўшимча қилди.
Бунга жавобан Панама Президенти Хосе Рауль Мулино Панама канали ва унинг атрофидаги ҳудудларнинг ҳар бир квадрат метри Панамага тегишли экани ва бундан кейин ҳам Панамага тегишли бўлиб қолишини билди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Канада Бош вазири Жастин Трюдога қўнғироқ қилиб, агар Канада ҳудудлари АҚШнинг 51-штатига айланса, канадаликлар учун солиқлар 60 фоиздан кўпроққа камайтиришини айтганди. Шунингдек, Трамп Панама каналини бошқараётган Хитой аскарларини Рождество байрами билан табриклаганди. Канада бош вазири Жастин Трюдонинг истеъфога чиқиши ҳақидаги хабардан сўнг, Трамп яна Канадани АҚШнинг 51-штати бўлишини таклиф қилганди.