Жастин Трюдо ўз истеъфосини эълон қилди (видео)

Олам

image

Канада Бош вазири Жастин Трюдо ҳукмрон Либерал партия раиси лавозимини тарк этишини, аммо Бош вазирликдан партиянинг янги раҳбари сайлангандан кейин истеъфога чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 6 январь куни халққа қилган махсус мурожаатида сўз очди.

“Мен Либерал партия етакчиси ва Бош вазир лавозимидан партиямиз ўзининг навбатдаги етакчисини танлагач истеъфога чиқишни режа қиляпман”, деди у.

Шунингдек, Трюдо Канада генерал-губернатори Мери Саймондан парламент фаолиятини 24 мартгача тўхтатишни сўраган. Бу чора мухолиф партиялар томонидан январь охирига режалаштирилган ишончсизлик вотумини ўтказишга тўсқинлик қилиш учун зарур. 

Маълумот учун, 2024 йилнинг 16 декабрида Бош вазир ўринбосари ва Молия вазири Христя Фриланд бошқа ишга ўтиши сабабли истеъфога чиққанини эълон қилганди. Худди шу куни Уй-жой қурилиши, инфратузилма ва жамоат вазири Шон Фрейзер ҳам ҳукуматни тарк этишини маълум қилди. Бу вазият мухолифат ва жамоатчилик вакиллари томонидан Трюдога бўлган танқидни кучайтирди. Улар ҳукуматни назорат қилишдаги қобилиятсизлиги туфайли Бош вазирнинг дарҳол истеъфога чиқишини талаб қилди. Бундан ташқари, Либерал партия аъзолари орасида ҳам Трюдонинг раҳбарлик лавозимини тарк этиши кераклиги ҳақида чақириқлар янгради. Ўтган йил охирида илгари Трюдога содиқ бўлган Янги демократик партия етакчиси Жагмит Сингҳ 2025 йилда ҳукуматга қарши овоз беришини ваъда қилди. Бу мухолифатдаги Консерватив партия узоқ вақт давомида интилган ҳукуматни истеъфога чиқариш ҳаракатларига қўшимча куч берди. 

Маълумот ўрнида, Жастин Трюдо 2013 йилда Либерал партия раҳбари этиб сайланган ва 2015 йилда партия парламент сайловларида ғалаба қозонгач, Канада Бош вазири бўлган. У ўша пайтда мамлакат тарихидаги энг ёш Бош вазирга айланган эди.

Трюдо сиёсий сулола вакили ҳисобланади. Унинг отаси Пьер Эллиот Трюдо ҳам Канаданинг собиқ бош вазири бўлиб, у ушбу лавозимни 1968-1979 ва 1980-1984 йилларда эгаллаган.

Жастин Трюдонинг етакчилигида Либерал партия бир неча бор йирик сиёсий ютуқларга эришган, аммо унинг бошқаруви даврида кўплаб танқидлар ва мураккаб сиёсий қарорлар ҳам юзага келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Канада Жастин Трюдо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг